"Марказни халқаро миқёсда тарғиб қилиш муҳим" – деб ҳисоблайди Саудия Арабистони Тараққиёт жамғармаси бош директори

Бугунги дунёда тараққиёт фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки тарихни англаш, маънавий меросни асраш ва келажакни шу асосда қуриш билан белгиланади. Ана шу уйғунликни бир маконда кўриш мумкин бўлган маскан — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказидир.
Айнан шу жараёнларга яқиндан гувоҳ бўлиш мақсадида Саудия Арабистони тараққиёт жамғармаси Бош директори Султан Ал-Маршед бошчилигидаги делегация Марказга ташриф буюрди. Меҳмонлар экспозициялар орқали Ўзбекистон тарихининг исломдан аввалги ва кейинги даврлари, буюк олимлар мероси ҳамда Янги Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йиллик тараққиёт йўли билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида делегация аъзолари Марказда тарихий жараёнлар изчил ва мантиқий кетма-кетликда ёритилгани, илм-фан ва маънавият тараққиёти бугунги ислоҳотлар билан узвий боғлаб кўрсатилганини эътироф этдилар.
Экспозицияларда Ўзбекистон тараққиёти чуқур тарихий ва интеллектуал асосга эга эканини очиб берувчи кўплаб далиллар жамлангани меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Султан Ал-Маршеднинг айтишича, экспозициялар орқали ислом оламида Ўзбекистоннинг жуда катта ўрни борлигини яққол англаш мумкин. Бу ерда намойиш этилган Каъба кисваси Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги диний ва маънавий яқинлик рамзи сифатида алоҳида баҳоланди.
“Мазкур улуғ марказ бутун дунёга муҳим хабар етказмоқда: Ўзбекистон цивилизациясининг исломдан аввалги ва кейинги тараққиёт йўлини, шунингдек, мамлакатнинг ислом цивилизациясидаги тарихий ўрни ва беқиёс ҳиссасини аниқ намоён этади. Бу ҳисса илм-фан, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб ривожланиш соҳаларида яққол кўзга ташланади,” — деди Саудия Арабистони Тараққиёт жамғармаси бош директори.
Шунингдек, Марказ умумий ғояси Ўзбекистон цивилизациясининг тарихий ўрни ва жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасини очиб бераётганини қайд этди. Унинг фикрича, бу ерда нафақат тарихий мерос, балки илм-фан, иқтисодиёт ва тафаккур тараққиётига оид узвий боғлиқлик аниқ кўрсатиб берилган.
Делегация аъзоларининг алоҳида эътиборини Қуръони карим зали тортди. Залдаги сокин муҳит, меъморий ечим ва ноёб экспонатлар Қуръони каримга бўлган чуқур эҳтиромни яққол ифодалаши таъкидланди.
Султан Ал-Маршед ушбу бўлим ҳақидаги фикрларини қисқача шундай ифодалади:
“Қуръони карим залида намойиш этилган Қуръон китоблари икки биродар давлат ўртасидаги яқинлик ва ўзаро ҳурматни яққол акс эттиради. Иншааллоҳ, бу алоқалар бундан буён ҳам янада мустаҳкамланади”.
Шунингдек, делегация “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс пойдевори” бўлими билан танишиб, унда мамлакатнинг сўнгги йилларда эришган ютуқлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келажак мақсадлари аниқ ва тушунарли тарзда ёритилганини юқори баҳолади.
Меҳмонлар ушбу бўлим бугунги Ўзбекистон тараққиётини халқаро аудиторияга содда ва ишонарли тилда тушунтириб беришини қайд этдилар.
Ташриф якунида Султан Ал-Маршед Марказни глобал миқёсда кенг тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлаб, бу орқали дунё жамоатчилиги Ўзбекистон тарихи ва унинг цивилизацион йўлини янада чуқурроқ англашига ишонч билдирди. Унинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилган ушбу мажмуа Ўзбекистоннинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ягона тарихий манзара сифатида намоён этувчи муҳим маданий маскан ҳисобланади.








