Марказий Осиёда давлат қандай қурилган?

Марказий Осиё тарихида ХVI асрдан ХIХ аср охиригача ҳукм сурган Хонликлар даври фақат тарих эмас, мукаммал цивилизация мактаби. Бозор, мадраса ва тўғон қурилишлари кабилар хонликлар даври тараққиётининг таянчлари ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва муаллифлиги асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ана шу тарихий жараён билан алоҳида ва батафсил танишиш имконияти бор.
Марказий Осиё тарихида ХVI асрдан ХIХ аср охиригача ҳукм сурган Хонликлар даври (Шайбонийлар, Аштархонийлар, Манғитлар, Қўнғиротлар, Минглар cулоласи) фақат сиёсий бошқарув босқичи эмас, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли цивилизацион жараён сифатида намоён бўлади. Айниқса, Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида давлат бошқаруви, илм-фан, шаҳарсозлик ва савдо тизими ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланди. Бу даврда хонлик мукаммал ижтимоий-иқтисодий тизим сифатида шаклланди.
Ана шу тарихий жараёнларнинг энг ёрқин ифодаси Шайбонийлар сулоласининг йирик ва нуфузли ҳукмдори — Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида яққол кўзга ташланади. Унинг даврида цивилизация тушунчаси фақат маданият билан чекланмай, илм-фан, бунёдкорлик, шаҳарсозлик, савдо-сотиқ ва сув хўжалигини қамраб олган яхлит тизим сифатида ривожланган.
Абдуллахон II даврида илм-фан ва маърифат давлат сиёсатида устувор йўналишга айланди. Ҳукмдор томонидан мадрасалар қурдирилди, мавжуд таълим масканлари таъмирланди, масжидлар ва диний-маърифий иншоотлар барпо этилди. Бу эса жамият ҳаётида илм аҳли ва маърифат эгаларига бўлган юксак эҳтиромни кўрсатади.
Абдуллахон II пойтахт Бухоро шаҳрига алоҳида эътибор қаратди. Шаҳарни ободонлаштириш, таъмирлаш ва янги қурилиш ишлари изчил амалга оширилди. Самарқанд шаҳри ҳам эътибордан четда қолмади, у ерда ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Шунингдек, бошқа марказий шаҳарлар ҳам таъмирланиб, қайта обод этилди.
Бу даврда Бухорода Абдуллахон II тими барпо этилди. У Ўрта Осиёдаги ягона усти ёпиқ бозор бўлиб, савдо-сотиқнинг йил давомида узлуксиз олиб борилишига хизмат қилади. Шу билан бирга, шаҳарда еттита савдо тоқи қурилиб, улар муайян ихтисослашув асосида фаолият юритди.
Жумладан, Тоқи Саррофон пул айирбошлаш маркази сифатида ишлаб, турли ҳудудлардан келган савдогарларга ўз валюталарини қонуний тарзда айирбошлаш имконини берган. Тоқи Телпакфурушон бош кийимлар савдосига, Тоқи Заргарон эса заргарлик буюмлари савдосига ихтисослашган. Бозорларнинг бундай тартибли ва ихтисослашган ҳолда ташкил этилиши савдо маданиятининг юксак даражада шаклланганини кўрсатади.
Бу савдо масканларидан бири Тоқи Заргарон бугунги кунда Бухорода “Абдуллоҳ Хон бозори” номи билан машҳур сайёҳлик маскани бўлиб, унда асосан сувенир дўконлари ва антиқа буюмлар, сувенирлар ва идиш-товоқ, кийим-кечак, тангалар, заргарлик буюмлари, ҳайкалчалар, гиламлар, китоблар, мусиқа асбоблари, расмлар ва бошқа халқ ҳунармандчилиги буюмлари сотадиган расталар жойлашган. Бозор биноси Бухоронинг тарихий марказида Абдулазиз Хон мадрасаси ёнида, Пои-Калон ансамблидан 50 метр шарқда жойлашган.
Бинонинг ташқи безаклари ва ёзувлари бугунги кунгача сақланиб қолмаган. 20 асрнинг ўрталарига қадар у кундалик буюмлар ва буюмларни сотадиган оддий бозор бўлиб хизмат қилган ва бу уни Бухоронинг асосий ёпиқ бозорларидан бирига айлантирган. Ёпиқ бозор биноси анъанавий форс услубида қурилган ва Теҳрон, Исфаҳон, Шероз, Табриз ва Машҳад каби қадимги Эрон шаҳарларидаги ўхшаш анъанавий ёпиқ бозорлардан фарқ қилмайди.
Абдуллахон II фаолиятида деҳқончилик ва чорвачиликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, сув ресурсларини бошқариш давлат миқёсида ҳал этилган муҳим масалалардан бири бўлган. Нурота ҳудудида яшовчи аҳоли сувсизликдан азият чекиб мурожаат қилгач, ҳукмдор ташаббуси билан махсус сув омбори қурдирилган.
Тарихда Абдуллахон II банди номи билан машҳур бўлган ушбу иншоот Нурота деҳқонларини ёз мавсумида сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этган. Манбаларга кўра, бу сув омбори қарийб 300 йил давомида маҳаллий аҳолига хизмат қилган. Иншоот сувни тартибли ушлаб туриш орқали сув тошқинлари ва турли талoфатларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилган.
Ушбу ёдгорликда таниқли археолог Яҳё Ғуломов томонидан илмий тадқиқот ишлари олиб борилган. Тадқиқотлар натижасида тўғон қурилишида қўлланган қотишмалар ўз даври учун ниҳоятда мустаҳкам ва илғор муҳандислик ечими экани аниқланган. Бу ҳолат хорижий, жумладан, европалик олимлар томонидан ҳам эътироф этилган.
Дилноза Жамалова, тарих фанлари доктори, профессор:
Абдуллахон II даврида цивилизация бир йўналишда эмас, балки илм-фан, шаҳарсозлик, савдо ва сув хўжалиги уйғунлигида ривожланган. Айниқса, Абдуллахон II банди ўз даврининг муҳандислик тафаккури ва аҳоли эҳтиёжларига асосланган давлат сиёсатини яққол намоён этади.
Айни пайтда бу тарихий жараён Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хонликлар бўлимида Шайбонийлар сулоласи, хусусан, Абдуллахон даври цивилизациясини очиб берувчи экспозицияда ёритилмоқда ва марказга ташриф буюрган меҳмонларда мазкур даврнинг илмий, иқтисодий ҳамда муҳандислик салоҳияти ҳақида яхлит тасаввурни шакллантиради.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин







