«Бу ерда тарихни чин маънода ҳис қилдик» — Беларусь ИИВ раҳбарларининг таассуроти

Беларусь Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбар ходимлари Тошкентга илк ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси асосида ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари билан танишиб, бу масканни инсоният тарихини “ҳис қилиш мумкин бўлган макон” сифатида баҳоладилар. Қадимий цивилизациядан тортиб ислом Ренессанси ва Янги Ўзбекистон давригача бўлган жараёнларни изчил акс эттирган экспозициялар, замонавий техника ва интерактив ечимлар меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. Беларусь ИИВ раҳбарлари Марказга ташриф тарихни томоша қилиш эмас, балки уни ҳис этиш имконини берганини алоҳида таъкидладилар.
Роман Романчук, Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги Могилёв институти бошлиғи, милиция полковниги:
“Бу ерда биз қадимий цивилизация, беқиёс бой маданият ва тарих билан юзма-юз келдик. Тарихга шўнғиш, уни ҳис этиш ва англаш мен учун жуда катта таассурот бўлди. Экспонатлар жуда кўп, техник имкониятлар эса ўша давр руҳини тўлиқ етказиб беради. Бу ерда тарихни чин маънода ҳис қилдим. Президентингизнинг бу ташаббуси таҳсинга лойиқ”
Анатолий Сафонович, Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш департаменти бошлиғи ўринбосари, мафкуравий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи:
“Бу марказ менда жуда катта таассурот қолдирди. Тақдимот услуби ва интерактив имкониятлар орқали кўплаб янги маълумотларга эга бўлдим. Амир Темур шахсиятига бағишланган бўлим менда энг кучли таассурот қолдирди. Уни даври ва фаолиятини акс эттирувчи артефактлар билан бирга интерактив тарзда кўриш бутунлай бошқача туйғу уйғотди”.






