«Бу ҳақиқатан ҳам буюк мажмуа» – Сума Чакраборти

Ислом цивилизацияси марказига иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Сума Чакраборти ташриф буюрди. Экспозициялар билан танишиб, у марказнинг меъморий ғояси ва мазмунли кўргазмаларига юқори баҳо берди. Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишда марказнинг аҳамиятини таъкидлади.
Меҳмон марказни фақат музей сифатида эмас, балки минтақанинг интеллектуал меросини замонавий экспозиция тилида очиб берувчи кенг кўламли маданий-илмий лойиҳа сифатида кўрди. Унинг сўзларига кўра, бинолар дизайни, йўналиш ва экспонатлар танлови мукаммал ўйланган концепциядан далолат беради.
Сума Чакраборти, Ўзбекистон Президентининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси:
Менимча, бу ниҳоятда улуғвор иншоот. Иншоотнинг ўзи — унинг дизайни, жойлашуви ва кўргазма экспонатлари жуда пухта ўйланган. Бу жуда катта лойиҳа бўлган, аммо у муваффақиятли амалга оширилган, деб ҳисоблайман. Ва бу марказ жамоатчилик учун, эҳтимол, баҳор ойларида очилгач, одамлар Ўзбекистоннинг исломий меросдаги ўрни ҳақида жуда аниқ ва тўлиқ тасаввурга эга бўлишади. Менимча, бу айнан лойиҳа олдига қўйилган асосий мақсаддир. Маданий жиҳатдан олганда, бу марказ жаҳон миқёсидаги иншоот бўлади.
Айниқса Биринчи ва Иккинчи Ренессансга бағишланган бўлимлар менга жуда манзур бўлди. Чунки улар ушбу мамлакатнинг тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилади. Умид қиламанки, хорижлик меҳмонлар ҳам бу ерга кўпроқ ташриф буюради. Айниқса, минтақа ташқарисида унчалик яхши танилмаган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳақида кўпроқ билишлари жуда муҳим, деб ўйлайман.Мен шуни пайқадимки, кўплаб экспонатлар Буюк Британиядаги дилерлардан харид қилинган. Уларнинг яна Ўзбекистонга қайтиб, шу ерда намойиш этилаётгани жуда қувонарли ҳолат. Аввал улар кўплаб хусусий коллекцияларда сақланган бўлса, энди жамоатчиликка биринчи марта очиқ тарзда тақдим этилмоқда. Буни кўриш жуда ёқимли бўлди.
Меҳмоннинг таъкидлашича, очилишидан кейин марказ дунё миқёсида маданий аҳамиятга эга бўлган объектга айланиб, хорижий меҳмонлар учун муҳим жозиба майдонига айланади.




