Ислом цивилизацияси маркази тарихни тушунишда муҳим платформа – Халқаро делегация

Қирғизистон Республикаси ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициялари орқали тақдим этилган Марказий Осиё цивилизациясининг узлуксиз илмий-маърифий ривожи, Ренессанс даврлари ҳамда “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” ғоясидан муҳим хулосага келишди.
Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва жамоавий ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро тадбир иштирокчилари — Қирғизистон Республикаси ҳамда қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муаллифлиги асосида ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.
Делегация аъзолари Марказнинг “Шон-шараф” залига кирар экан, у ерда 14 та равоқда акс эттирилган илм-фан тараққиёти, табиий ва диний илмлар, шунингдек, тарихда из қолдирган қаҳрамонлар образлари тарих ва тафаккур билан юзма-юз келишди. Тўрт бўлимдан иборат экспозициялар билан танишган делегация аъзоларининг фикрича, Биринчи Ренессанс даври бўлими орқали бу заминда билим, таълим ва маърифат тасодифий эмас, балки асрлар давомида шаклланган тизим сифатида ривожлангани яққол сезилади. Қўлёзмалар, илмий мерос ва мутафаккирлар фаолияти минтақа цивилизациясида илмнинг устувор ўрин тутганини очиб берган.
Авазхан Ормонова, Қирғизистон Республикаси “Ишбилармон ташаббускор аёллар” жамғармаси раҳбари:
Мен ушбу Марказга биринчи марта ташриф буюраяпман ва бу катта таассурот қолдирди — нафақат қизиқарли, балки тарихий жиҳатдан жуда бой маскан. ХII–ХIII асрлардан бошлаб Марказий Осиё ҳудудида яшаган халқларнинг тарихи тўлиқ ёритилган. Бу жуда қизиқарли ва таълимий тажриба бўлди. Марказ музейининг безаги ва замонавийлиги ҳам ўзига хос, гидларнинг тўлиқ ва батафсил маълумот бериши эса ташрифимизни янада бойитди. Ҳар доим биз қайси давлатга борсак, ўша мамлакат, халқларнинг маданияти, анъаналари, тарихи ҳақида батафсилроқ маълумот олиш учун аввал музейларга ташриф буюрамиз. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу Марказ музейида маданият, анъаналар, тарих ва Янги Ўзбекистон замонавий уйғунликда мукаммал тарзда яққол кўзга ташланади. Бу, албатта, жуда таъсирли. Ушбу марказнинг Марказий Осиё ва ислом олами учун маънавий, илмий ва цивилизацион аҳамияти ҳам беқиёс. Сўнгги асрларда Марказий Осиё ислом дини билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Бу ерда ислом цивилизацияси тўлиқ намойиш этилган ва биз ушбу Марказ музейида тақдим этилган экспозициялар ўзимизнинг юртимизда ҳам ислом цивилизацияси қандай ривожланаётганини кўришда, келажакни яратишда илҳом беради. Музей нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақанинг бой меросини, илмий ва маданий тараққиётини кўрсатади.
Иккинчи Ренессансга оид бўлимлар эса меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар тарихий жараёнларнинг замонавий шаклда ифода этилиши ўтмишни ҳозирги кун билан боғлабгина қолмай, келажакка йўналтирилган фикрлаш маданиятини шакллантиришини таъкидладилар. Делегация аъзоларига кўра, бу ёндашув жамият барқарорлиги ва ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тамара Дуффей-Жансер, Буюк Британия “Saferworld” минтақавий дастур директори:
Ислом тарихи ва маданиятига бағишланган ушбу музей Ўзбекистон Президентининг ташаббуси эканлиги ва ислом тарихини чуқур, тарихий руҳда ҳамда бадиий услубда ёритиб берилганлиги мени ҳайратга солди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарих, илм-фан ва маърифатга бўлган юксак эътибори марказ орқали яққол намоён бўлади. Музей Ўзбекистон ҳудудида шаклланган ислом ва цивилизация тарихини бой ва мазмунли тарзда акс эттирган. Тарихнинг бадиий ифодаси, турли медиа шакллари орқали рақамлаштирилиши ва интерактив ёндашувлар ислом тарихи ҳамда Ўзбекистон тарихини нафақат қизиқарли, балки тушунарли тарзда тақдим этади. Шунингдек, Қуръони карим зали, ислом санъати намуналари ва тарихий экспонатлар билан танишув жараёнида меҳмонлар мазкур мероснинг фақат диний ёки тарихий эмас, балки умуминсоний қадриятлар манбаи эканини алоҳида қайд этдилар. “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлими эса миллий анъаналар ва замонавий ислоҳотлар ўртасидаги изчил давомийликни очиб берди.
Иля Жонес, Буюк Британия “Saferworld” минтақавий дастур менежери:
Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси маркази менга ниҳоятда ҳайратланарли ва ўзига хос маскан сифатида таассурот қолдирди. Бу музей ахборотга бой, мавзуларни кенг ва батафсил қамраб олади, шунингдек, интерактив имкониятлар орқали тарихнинг турли даврларини жонли ҳис қилишга ёрдам беради. Бу ерда фақат матн билан чекланмай, видеолар, интерактив экспонатлар ва турли технологик ечимлар орқали ташриф буюрувчилар тарихнинг турли босқичларига чуқур кириб бориш имконига эга бўладилар. Шу жиҳати билан у бошқа шунга ўхшаш масканлардан тубдан фарқ қилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихга бўлган юксак эътибори ҳам марказда яққол намоён бўлади. Мамлакат тарихини чуқурроқ англаш ва уни одамлар билан бўлишиш учун яратилган имкониятлар ташриф буюрувчилар учун бебаҳо тажриба беради. Бундай сармоя натижаси музейдаги юқори профессионаллик ва инновацион ёндашувларда ўз аксини топган. Марказнинг маънавий, илмий ва цивилизацион аҳамияти ҳам беқиёс. Бу ерда тарихнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги, турли цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги узвий алоқалар яққол намоён бўлади. Минтақа ва ундан ҳам кенгроқ – Яқин Шарқ ҳамда бошқа Марказий Осиё мамлакатлари билан тарихий ва илмий алоқаларни тушуниш имконияти мавжуд. Буюк Ипак йўли орқали савдо ва илмий кашфиётлар қандай ривожланганини, дин ва фан қандай уйғунлашганини, чуқур фалсафий тафаккур қандай шаклланганини кўриш жуда қизиқарли бўлди. Шу омиллар бирлашиб, марказ ташриф буюрувчиларга бой ва мазмунли тарихий манзарани тақдим этади.
Ташриф якунида делегация вакилларининг хулосасига кўра, бундай масканлар Марказий Осиёда тинчлик ва ҳамкорлик муҳитини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.







