Ўзбекистон ва Саудия Арабистони: тарих, маданият ва маърифат чорраҳасида

Ислом оламини бирлаштириб турувчи умумий қадриятлар, илмий мерос ва маънавий анъаналар асрлар давомида мусулмон халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келган. Ана шу маънавий маконни ифода этувчи муҳим масканлардан бири — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Саудия Арабистони Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Ҳаймед, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Турғунов бошчилигидаги делегация ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар Марказ музейининг барча асосий экспозициялари билан яқиндан танишди ва уларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди. Элчилар Марказ концепцияси, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маънавияти ва маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталдилар.
Меҳмонлар Марказнинг Шон-Шараф залидаги 14 та равоқни, ҳар бирини алоҳида мозаика услубида яратилгани учун юксак баҳоладилар. Шунингдек, исломдан аввалги даврдан бошланган 3000 йиллик тарихимиздан Янги Ўзбекистон ислоҳотларигача қамраб олинган экспозиция уларда катта таассурот қолдирди.
Биринчи Ренессанс бўлимида меҳмонларни Саудия Подшоси томонидан ҳадя қилинган Кисва ва бу бўлимда жойлаштирилган Самарқанд қоғози намунасини ушлаб кўриб қувондилар. Бу бўлим Мовароуннаҳрдаги буюк алломалар ва илмий мактаблар меросини яққол намоён этади.
Иккинчи Ренессансда эса Улуғбек Мирзо экспозицияси, айниқса олим ва давлат арбобларининг илмий ва маданий ютуқлари замонавий технологиялар орқали тақдим этилгани элчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Қуръони карим зали ўзининг меъморий маҳобати ва муқаддас муҳити билан Саудия Арабистони Қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Ҳаймедни лол қолдирди. Шунингдек, Марказнинг Болалар майдончасида ташкил этилган ва мультфильм асосида яратилган илмий тарғибот меҳмонларни қувонтирди.
Шунингдек, элчиларга Марказнинг юқори қаватида ЮНЕСКО, ICESCO ва IRCICA каби халқаро ташкилотлар учун алоҳида махсус хоналар ажратилгани ҳақида алоҳида маълумот берилди ва мартабали меҳмонлар бу эътиборни юксак баҳоладилар.







