Подшоҳларни тарбиялаган аёллар: Ислом цивилизацияси марказида аёллар тарихи қандай ёритилмоқда?

Юзга яқин хотин-қизлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, тарихда аёлларнинг давлат, жамият ва маънавият тараққиётида тутган ўрнига бағишланган ноёб экспозициялар билан танишди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — хотин-қизларни мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, бой тарихий-маданий мерос ва маънавий қадриятлар билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Ташриф давомида улар марказда ташкил этилган экспозиция заллари, Биринчи, Иккинчи Ренессанс даврлари ва Янги Ўзбекистонга бағишланган илмий-маърифий бўлимлар, шунингдек, ислом цивилизацияси тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб экспонатлар билан танишди.
Айниқса, Темурий маликалар, Бибихоним тимсоли, Шодмалик хотин томонидан кўчирилган Қуръони Карим нусхалари, қўлёзма асарлар, миллий либослар ва ҳунармандчилик намуналари ташрифчиларда катта қизиқиш уйғотди. Экспозициялар орқали тарихда аёлларнинг жамият, давлат бошқаруви, маънавий-маърифий ҳаётдаги ўрни кенг ёритилгани алоҳида таъкидланди.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун муҳим маданий-маънавий марказга айланди. Бугун хотин-қизларимиз билан ушбу марказга ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари ҳамда аждодларимиз қолдирган бой мерос билан яқиндан танишдик. Асосий мақсадимиз аёлларимизга тарихий меросни кўрсатиш, улар орқали оила ва фарзандлар онгида миллий ифтихор ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлашдир. Экспозициялар, айниқса, Темурий маликалар ҳақидаги контентлар, хусусан, Бибихоним либослари, қўлёзма китоблар ва Қуръон нусхалари аёлларимизда катта таассурот қолдирди. Ташрифчилар тарихда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни қандай улуғланганини яққол ҳис этди. Ислом цивилизацияси маркази маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, мамлакатимиз туризм салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Ташрифчи ушбу маскандан миллий ифтихор ва ватанпарварлик руҳида илҳомланиб қайтади, – деди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова.
Айниқса, тарихда аёлларнинг ўрнини ёритишга қаратилган экспозициялар катта қизиқиш уйғотмоқда. Темурий маликалар, давлат ва жамият ҳаётида маърифат ва заковати билан фаол иштирок этган буюк аёллар тимсолларига алоҳида эътибор берилгани қувонарли ҳолат. Қадимдан аёлларимиз подшоҳ бўлмаган бўлиши мумкин, аммо подшоҳларни тарбиялаган, жамият маънавиятини шакллантирган улкан салоҳиятли шахслар бўлган. Улар орасида буюк ёзувчилар ва шоиралар ҳам кам бўлмаган. Бугун Янги Ўзбекистон ва Янги Ренессанс ғоялари асосида барпо этилган ушбу мажмуа инсонни бефарқ қолдирмайди. Кейинги йилларда мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилди, айниқса, маҳалла, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббус ва кўрсатмалари асосида хотин-қизларни улуғлашга қаратилган ислоҳотлар бугун амалий натижа бермоқда. Ушбу ислоҳотларнинг самарасини мазкур мажмуа фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин, – деди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева.
Президентимизнинг хотин-қизларга қаратган эътибори, шунингдек, вертикал тизимда маҳалладан то ҳокимлик, ҳокимдан то вазирлик даражасигача бўлган ҳамкорлик бу масканда яққол намоён бўлади. Аёлларимиз Бибихонимнинг либосларини кўриб, ўзларини ўша даврга тушиб қолгандек ҳис қилишди. Либосларнинг нафосати ва амалий маҳорати уларни ҳайратга солди. Шу тарзда, марказ ҳар бир ренессанс бўлимида аёллар тарихи ва уларнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ўтмиш ва бугуннинг уйғунлигини намоён этади. Бу ташриф орқали аёлларимиз нафақат тарихий мерос билан танишди, балки ўзларига ҳам илҳом олиб қайтди, – деди Олмазор тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Севара Ҳашимова.
Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари марказдаги экспозициялар билан танишар экан, аждодлар меросига нисбатан ифтихор туйғусини ҳис этганликларини, мазкур мажмуа хотин-қизларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, оила ва жамиятда маънавий тарбияни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. Шунингдек, марказ туризм соҳасини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутаётгани, мамлакатнинг халқаро имижини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ташриф доирасида хотин-қизлар аждодлар меросидан маънавий илҳом олиб, Ватанга бўлган дахлдорлик ва фахр туйғусини янада чуқур ҳис қилганликларини билдирди.








