La Gazzetta dello Sport нашри вакили: “Ўзбекистон дунё харитасида янада яққол намоён бўлмоқда”

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муаллифлигида 2017 йил 23 июлдаги қарорга асосан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари халқаро меҳмонларнинг диққатини тортишда давом этмоқда. Марказга ташриф буюрган Setanta Sports Uzbekistan платформаси ҳамда La Gazzetta dello Sport нашри вакили, грузиялик Лаша Мачавариани марказ экспозицияларида тарихнинг турли даврлари ягона тизимда тақдим этилганини, илмий-маърифий концепцияси ва экспозиция ечимларини юқори баҳолади.
Ташриф доирасида меҳмонлар марказнинг асосий кириш залини кўздан кечирди. Ушбу залда алломалар ҳаёти ва уларнинг кашфиётлари акс этган мозаикали равоқлар билан яқиндан танишди. Аватарлар ёрдамида алломалар кашфиётини ўз тилидан эшитиш меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Марказ музейининг тўрт бўлимдан иборат экспозицияларида қадимги даврлардан то ҳозирги замонгача бўлган цивилизация жараёни изчил ва тизимли тарзда ёритилган.
IX-XIII асрларни қамраб олган Биринчи Ренессанс даври бўлимида тарихий шахслар, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, архитектура ва илм-фан соҳаларидаги ютуқлари видеоматериаллар, фотосуратлар ва реал экспонатлар орқали намойиш этилди. Бу меҳмонларга ўша давр муҳитини яқиндан ҳис қилиш имконини берди. Барча капсулалар билан яқиндан танишиб катта қизиқиш билдиришди.
Музейнинг Иккинчи Ренессанс даври бўлимида XIV-XIX асрларда ҳукмронлик қилган Темурийлар ва хонликлар даври тарихий босқичларига оид ноёб экспонатлар билан танишди. Хусусан, Амир Темур даврида соҳибқирон ташаббуси билан кўчирилган Қуръони карим, тарихий вақф ҳужжатлари, Улуғбек расадхонасига оид илмий мерос ҳамда хонликлар даврига мансуб қилич экспонатлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Марказни барпо этишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва лойиҳанинг юқори профессионал даражада амалга оширилгани алоҳида эътироф этилди.
Бу жуда буюк ва ажойиб ғоя. Шу ташаббус учун Президентингизга чуқур ҳурматимни билдираман. Марказ Ўзбекистонни дунё харитасида янада яққол намоён қилмоқда ва мамлакат туризми учун катта туртки бўлади. Бу узоқни кўзлаган, дадил ва стратегик ташаббус. Ислом дунёси жуда кенг эканини барчамиз яхши биламиз. Шундай улкан Марказнинг айнан Ўзбекистонда, Тошкент шаҳрида жойлашгани мамлакат туризми учун катта туртки бўлишига ишончим комил. Шу боис, бу мамлакатга саёҳат қилиш янада қизиқарли ва жозибадор бўлади. Албатта, бу юртга келиш учун кўплаб сабаблар бор, аммо Ислом цивилизацияси маркази ҳам сайёҳларни бу ерга жалб қиладиган муҳим омиллардан бири, деб ўйлайман.
Фақат ислом оламидан эмас, балки бошқа дин вакиллари — масалан, биз каби насронийлар, православлар ва католиклар учун ҳам ислом дунёси жуда қизиқ. Чунки биз унинг дунё бўйлаб қандай тарқалганини, маданият ва тарихда қандай ўрин тутганини яхшироқ тушунишни истаймиз. Шу сабабли Тошкентга келиб, буларнинг барчасини ўз кўзимиз билан кўриш биз учун ҳам жуда қизиқарли тажриба бўлади, —
деди Лаша Мачавариани.
Шунингдек, Марказнинг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлими билан ҳам танишиб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданий ривожланиши ва халқаро майдондаги ўрнига оид маълумот олди. Замонавий мультимедиа ечимлари ва илмий-маърифий ишланмалар меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, меҳмон Ўзбекистонда спорт соҳасининг ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, спортни қўллаб-қувватлаш ва La Gazzetta dello Sport’нинг ўзбекча нашрини йўлга қўйиш орқали бу жараёнга ҳисса қўшиш ниятида эканини билдирди.




