Ўзбекистон Президентининг муаллифлик лойиҳаси “Келажак музейи” дея эътироф этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари халқаро миқёсда турли давлатлар, илмий ва диний доиралар вакилларининг юксак эътиборини тортмоқда. Замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва интерактив ечимлар орқали ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи янгича талқинда намоён этилган ушбу маскан меҳмонлар томонидан “келажак музейи” сифатида баҳоланмоқда.
Хусусан, Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган Афғонистон Ислом Амирлиги Мудофаа вазирлиги делегацияси яратилган экспозициялар, исломий-маънавий мероснинг замонавий технологиялар асосида тақдим этилиш жараёни билан яқиндан танишди. Делегация аъзоларида Қуръони Карим залининг улуғвор муҳити ҳамда Қуръон илмларининг чуқур маънавий-фалсафий талқинда ёритилгани меҳмонларни чин маънода ҳайратга солди.
Шунингдек, ислом дини тарихи, унинг илм-фан ва маданият тараққиётидаги ўрнини чуқурроқ ўрганиш мақсадида ташриф буюрган Ўзбекистон Халқаро Исломшунослик академияси профессор-ўқитувчилари ва талабалари Марказда интерактив ўйинлар орқали ҳам илм беришга қаратилган ёндашув, ҳар бир экспозициянинг маърифий мазмунга эгалигидан катта таассурот олишди. Хусусан, ҳар бир экспозицияда ўзига хос интерактив ечимлар мавжудлиги, буюк алломалар билан виртуал мулоқот қилиш имконияти, шунингдек, “Шон-шараф зали”даги алломалар ҳақида ўндан ортиқ тилда маълумот берилиши ёшлар ва илмий доира вакилларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, Хитой Ижтимоий фанлар академияси президенти, Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси аъзоси Гао Сян бошчилигидаги делегация ҳам Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Хитойлик меҳмонлар Марказнинг айниқса Исломдан аввалги давр бўлимида Буюк Ипак йўлининг аниқ ва мукаммал тасвири, ҳар бир деталга илмий асосланган ёндашувни юқори баҳолашди. Сунъий интеллект асосида яратилган Шарқ бозори тасвири делегация аъзоларини энг кўп қизиқтирган экспозициядан бири бўлди.
Шунингдек, Россия Федерациясидан ташриф буюрган тадбиркорлар делегацияси “Янги Ўзбекистон” бўлимида тақдим этилган Humo AI билан мулоқот қилиш орқали ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятини юксак баҳоладилар.
Меҳмонларнинг таъкидлашича, улар бу пайтга қадар Бирлашган Араб Амирликларида ҳам, Туркияда ҳам бу даражада ислом цивилизациясига бағишланган музей ёки марказни учратмаган. Уларнинг фикрича, яқин келажакда ҳам дунёнинг бошқа ҳудудларида ушбу лойиҳага тенг келадиган мажмуа пайдо бўлиши қийин.
Шунингдек, меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказини ҳақиқий маънода “келажак музейи” сифатида баҳолашди.
Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри масжидлари дин уламоларини эса Марказнинг Қуръони карим залида намойиш этилган Усмон мусҳафи энг кўп ҳайратга солди. Уламолар ушбу нодир ёдгорликнинг нафақат тарихий, балки маънавий аҳамияти, унинг замонавий экспозиция концепцияси орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилганини алоҳида эътироф этдилар.
Шунингдек, Марказга қўшни давлатлар делегацияларининг ташрифлари ҳам амалга оширилмоқда. Тожикистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ижодий Илҳом” маркази оммавий томошалар режиссёри Баҳриддин Ражабов бошчилигидаги делегация Марказга ташриф буюрди.
Делегация вакили Баҳриддин Ражабовнинг қайд этишича, экспозицияларни тўлиқ англаш учун ҳар бир экспонат олдида тўхтаб, мазмун-моҳиятига чуқур назар ташлаш зарур.
Шунингдек, мазкур экспозициялар халқларнинг муштарак тарихи ва маънавий яқинлигини яққол намоён этади. Турли тил ва маданиятга мансуб бўлишига қарамасдан, Марказда акс эттирилган тарихий манзаралар Марказий Осиё халқларининг ўзаро боғлиқ эканини, уларни ажратиб бўлмас умумий илдизлар бирлаштириб туришини англатади. Бу эса минтақадаги дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатлик ғояларини янада мустаҳкамлайди.
Ташриф буюрган турли мамлакат вакилларининг якдил фикрича, Марказдаги экспозиция ечимлари “бу меники” ёки “уники” деган тор қарашдан йироқ бўлиб, аксинча, барчани бирлаштирувчи умумий тарихий ва маънавий мерос ғоясини илгари суради. Бу маконга ташриф буюрган ҳар бир инсон ўз тарихини бошқалар тарихи билан уйғун ҳолда ҳис этиш, уни чуқурроқ англаш имкониятига эга бўлади.
Марказ ҳар бир ташриф буюрувчида фақатгина кучли таассурот қолдириш билан чекланмай, уни чуқур тафаккурга, тарихий хотирани англашга ва ўз маънавий мероси билан фахрланишга ундамоқда. Турли миллат вакилларини бир маконда жамлаб, умумий қадриятлар атрофида бирлаштираётган ушбу маскан ҳақиқий маънода халқлар дўстлиги ва цивилизациялар мулоқотининг замонавий рамзи сифатида намоён бўлмоқда.











