Минг йиллик баҳс: Ибн Сино ва Берунийнинг ўзаро ёзишмалари илк бора жамоатчиликка тақдим этилмоқда

Инсоният тафаккури тарихида шундай илмий мулоқотлар борки, улар асрлар оша ўз қимматини йўқотмайди. Хоразм ва Бухоро заминидан етишиб чиққан икки буюк аллома — Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний ўртасидаги илмий савол-жавоблар ана шундай ноёб маънавий-илмий меросдир. Астрономия, физика ва фалсафага оид бу ёзишмалар нафақат ўша давр илм-фани даражасини, балки Шарқ уйғониш даврида танқидий фикрлаш маданияти нечоғли юксак бўлганини ҳам яққол намоён этади. Бугун эса фан тарихида илк интеллектуал мунозаралар акс этган ушбу нодир қўлёзмалардан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Абу Али ибн Сино охирги минг йил давомида жаҳон илм-фани тарихида тенги йўқ аллома сифатида эътироф этилиб келинмоқда. Шу билан бирга, Абу Райҳон Беруний ҳам илмий салоҳияти, қомусий билимлари ва тадқиқотлари билан Ибн Синодан кам бўлмаган даражада машҳурликка эришган. Ҳатто фан тарихи бўйича таниқли олим Жорж Сартон ХI асрни “Беруний асри” деб атаб, унинг илм-фан тараққиётидаги ўрнига юксак баҳо берган.
Хоразм ва Бухоро заминидан етишиб чиққан бу икки буюк аллома бир даврда яшаб ижод қилган. Шу боис, уларнинг ўзаро муносабатлари, илмий мулоқотлари ва баҳслари бугунги кунда ҳам тадқиқотчиларни қизиқтириб келади. Бир асрда яшаган ушбу икки буюк тафаккур соҳибларининг ўзаро илмий мулоқотлари ҳақида бир қатор илмий тадқиқотлар яратилган.
Х аср охирларида Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний ўртасида олиб борилган илмий ёзишмалар ўша даврда астрономия, фалсафа ва физика соҳаларида шаклланган қарашлар ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ушбу ёзишмаларда Беруний томонидан қўйилган саволларга Ибн Сино батафсил жавоблар йўллаган.
Манбаларга кўра, Ибн Сино Берунийнинг деярли барча саволларига жавоб берган бўлса-да, Беруний ёзишмаларнинг биринчи қисмидаги олтинчи ва саккизинчи, шунингдек, иккинчи қисмдаги саккизинчи жавобдан ташқари, қолган жавобларга эътироз билдирган. Ушбу эътирозларга Ибн Синонинг шогирди бўлган Абу Абдуллоҳ Маъсумий жавоб ёзиб, устозининг фикрларини ҳимоя қилган ва мустаҳкамлаган. Маъсумий Ибн Синонинг яқин шогирдларидан бўлиб, буюк аллома ўзининг машҳур “Китоб ул-ишқ” асарини айнан унга бағишлаган.
Мазкур ёзишмаларнинг қўлёзмалари бугунги кунда жаҳоннинг турли илмий фондлари ва кутубхоналарида сақланади. Рисола илк бор 1917 йилда Қоҳирада чоп этилган “Жомиʼ ул-бадоиʼ” тўпламида нашр қилинган. Шунингдек, 1953 йилда Истанбул университети томонидан эълон қилинган “Ибн Сино рисолалари” (икки жилдлик) асарининг иккинчи жилдидан ҳам ўрин олган. Ушбу ёзишмаларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш асосан ХХ асрнинг биринчи ярмидан кейин бошланган.
“Беруний ва Ибн Синонинг савол-жавоблари” номи билан танилган рисола илк бор 1950 йилда алоҳида китоб ҳолида ўзбек, араб ва рус тилларида нашр этилган бўлиб, у жами 18 та савол-жавобдан иборат.
Ёзишмаларнинг дастлабки ўнта саволи Аристотелнинг “Осмон ҳақида китоб” асарига оид масалаларни қамраб олади. Уларда осмон сферасининг табиати, ҳаракати, абадийлиги, жисмларнинг шакли ва бўлиниши, Қуёш нури ва иссиқликнинг тарқалиши каби муҳим масалалар муҳокама қилинган.
Қолган саккизта савол эса Аристотелнинг «Физика» асарига тааллуқли бўлиб, улар орасида ёруғликнинг синиши, жисмларнинг кенгайиши ва торайиши, музнинг сув юзасида сузиши, бўшлиқ масаласи, шунингдек, Ер ва табиат ҳодисалари билан боғлиқ илмий муаммолар мавжуд.
Мазкур савол-жавоблар икки буюк алломанинг дунёқараши, мантиқий тафаккури ва илмий баҳс юритиш маданиятини яққол намоён этади. Улар Шарқ илм-фанида танқидий фикрлаш ва далилларга асосланган мунозара анъанаси нақадар ривожланганини кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ушбу ноёб ёзишмалар алоҳида ўрин эгаллаган. Беруний ва Ибн Сино илмий ёзишмаларининг қўлёзма факсимил нашри марказнинг Биринчи Ренессанс даври бўлими экспозициясига киритилган.
Раҳмонова Шаҳноза
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин





