“Биз ҳам бу замин билан фахрланамиз” – Иордания парламенти раиси Президент ташаббусини ислом олами номидан эътироф этди

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Мажлис ал-Аъян Раиси Файсал Акиф ал-Фаёз бошчилигидаги нуфузли делегация Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ислом цивилизацияси марказида бўлди.
Делегация аъзоларига энг аввало Марказнинг асосий қисми Шон-шараф залида намойиш этилган 14 та рамзий равоқ ҳақида батафсил маълумот берилди. Меҳмонларнинг эътиборини айниқса, соҳибқирон, илм-маърифат ҳомийси бўлган Амир Темур сиймоси тортди. Амир Темурнинг мустақил сиёсий ва ҳарбий мактаб яратган буюк давлат арбоби экани илмий асосда тушунтирилди. Бу маълумот делегация аъзоларининг Амир Темур шахсига бўлган ҳурматини янада оширди.
Нуфузли меҳмонлар Марказни исломнинг асл моҳияти поклик, эзгулик ва тинчлик дини сифатида бутун дунёга тарғиб этувчи ноёб маскан, деб баҳолашди. Ушбу мажмуани халқаро миқёсда кенг танитиш, бошқа давлат раҳбарлари ва жаҳон етакчиларини ҳам бу ерга ташриф буюришлари зарурлигини таъкидладилар.
Кейинги манзил Исломдан аввалги давр экспозицияси бўлди. Бу бўлимда меҳмонлар Марказий Осиё ҳудудининг қарийб 3000 йиллик қадимий тарихига саёҳат қилдилар. Экспозициянинг ўзбек, рус, инглиз, араб ва хитой тилларида тақдим этилгани, шунингдек, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар асосида яратилгани делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, Қадимги Бақтрия гилами, Буюк Ипак йўли манзаралари ҳамда Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа ёдгорлигидан топилган фил суягидан ясалган шахмат доначалари алоҳида қизиқиш уйғотди. Ушбу шахмат доначалари Ҳиндистондаги шахмат тарихидан қарийб 400 йил аввал милодий II–III асрларга оид экани меҳмонларни ҳайратга солди.
Биринчи Ренессанс даври экспозициясида эса Самарқанд қоғозларини бевосита ушлаб кўриш, Салжуқийлар даврига оид XI–XII асрларга мансуб олтин тақинчоқлар, тарихий ёдгорликлар билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Делегация аъзоларига Ўзбекистон заминида етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирларнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни алоҳида тушунтирилди.
Иккинчи Ренессанс даври экспозициясида меҳмонлар Амир Темур кутубхонаси, Умар Ақто томонидан ёзилган ХIV–ХV асрларга оид Қуръони карим парчалари, шунингдек, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва унинг 1018 юлдуз каталоги билан танишдилар. Юлдузлар жойлашуви бугунги илмий натижаларга деярли мос келиши делегация томонидан юксак баҳоланди. Қуръон оятлари битилган ХV–ХVIII асрларга оид либослар эса ислом санъати ва эстетик тафаккурининг юксак намунаси сифатида эътироф этилди.
Ташриф “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида давом этди. Бу ерда делегация аъзолари замонавий Ўзбекистон тараққиётини акс эттирувчи видеоролик, халқаро дипломатик алоқалар, Toshkent City ва BYD заводи макетлари билан танишиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Шунингдек, узунлиги 461 метр, баландлиги 34 метр бўлган мэппинг шоу орқали Ўзбекистон тарихи, маданияти ва буюк сиймоларига бағишланган қисқа метражли фильм лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот олдилар.
Қуръони карим залида сақланаётган Усмон Мусҳафи билан танишув эса делегация аъзоларининг янада юқори эътирофига сабаб бўлди. Қуръоннинг Амир Темур даврида Ўзбекистонга олиб келингани, кейинги тарихий жараёнлар ва бугунги кунгача етиб келган йўли батафсил тушунтирилди. Унинг 2000 йилда ЮНЕСКО томонидан асл нусха сифатида эътироф этилганини ҳам мамнуният билан қабул қилдилар. Делегация аъзолари ушбу муқаддас ёдгорликнинг айнан Ўзбекистонда сақланаётганини юксак масъулият ва фахр сифатида баҳоладилар.
Файсал Акиф ал-Фаёз, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Мажлис ал-Аъян Раиси:
“Марказнинг ташқи маҳобати ва ички гўзаллиги очиғи мени ҳайратга солди. Кўп музейларда бўлганман аммо, Ислом цивилизацияси маркази музейидек мукаммал ва ноёб экпозицияни кўрмагандим. Айниқса, Қуръон залида сақланаётган Ислом оламининг ноёб дурдонаси асл Усмон мусҳафи мени ҳаяжонимга сабаб бўлди. Ҳар бир экспонат ўзининг тарихий аҳамияти билан алоҳида эътирофга муносиб. Барчамизга яхши маълумки, кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари, алломалар ва мутафаккирлар айнан шу замин – Ўзбекистон ҳудудида туғилиб вояга етган. Бу билан биз ҳам бутун ислом олами номидан фахрланамиз. Чунки бу алломалар ўз даврида илм-фан, тафаккур ва маърифат ривожига улкан ҳисса қўшган, Европадаги Уйғониш даврига ҳам бевосита таъсир кўрсатган.
Бугун мен Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатнинг барча соҳаларда жадал ва изчил ривожланаётганига гувоҳ бўляпман. Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ташаббуслари билан буёд этилган ушбу марказ минтақада илм ва маърифатни тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Бизнинг ушбу ташрифимиз ҳам айнан икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий ва маданий йўналишларда изчил ривожланмоқда. Маданият эса айниқса муҳим, чунки бизни умумий исломий маданият, умумий қадриятлар бирлаштириб туради. Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар яқин келажакда янада мустаҳкамланиб, жуда юқори даражага кўтарилади.”
Ҳайфа Нажжар, Иордания Сенати аъзоси, Маданият, ёшлар ва спорт қўмитаси раиси:
“Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон учун улкан ютуқ ва Президентингиз ташаббуси билан амалга оширилган буюк лойиҳадир.
Бу ерда ўтмиш ҳам, қадимийлик ҳам, илм-фан ҳам, исломнинг инсоният цивилизацияси билан узвий алоқаси ҳам, келажак сари қарашлар ҳам яққол акс этган. Айниқса, ёшлар учун бу марказ ниҳоятда муҳим. Уларда ўз тарихига эгалик туйғусини, ўз маданияти ва цивилизациясидан фахрланиш ҳиссини шакллантиради.
Санъатдаги нозиклик, ижодий аниқлик, нақш ва тасвирлар билан рақамли технологиялар ўртасидаги мувозанат бу марказни мутлақо ноёб масканга айлантирган”.








