
Фикрлар
Уалид Фук
Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси
– Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва музейига ташриф буюрганимдан ниҳоятда мамнун бўлдим. Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ғоят ноёб ва муҳим лойиҳа ҳисобланади. Бу маскан Ўзбекистоннинг исломдан аввалги даври ҳамда исломий даврдаги бетакрор тарихини чуқур ва тизимли равишда ёритиб беради.
Барча ташриф буюрувчиларни ушбу марказни ўз кўзлари билан кўришга чорлайман. Бу ерда намойиш этилган кўплаб ҳужжатлар ва экспонатлар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги самарали ҳамкорлик маҳсулидир, айниқса археология ва тарих йўналишидаги илмий алоқалар доирасида. Бу эса марказнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини янада оширади.
Шубҳасиз, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон тарихининг ниҳоятда муҳим ва бетакрор бир қисмини намоён этади. Шу маънода у нафақат тарихий меросни кўрсатади, балки ўзбек халқи сўнгги асрлар давомида бошдан кечирган синовларни, мураккаб даврларни ва уларга жасорат ҳамда матонат билан бардош берганини ҳам очиб беради. Бу маскан ўтмиш ва бугун ўртасидаги узвий боғлиқликни чуқур англаш имконини беради.
Аҳамиятлиси шундаки, Американинг SMITHSONIAN журнали Ислом цивилизацияси марказини очилиши энг кўп кутилаётган ТОП-10 та музейлар қаторига киритди. Бу юксак эътироф марказнинг нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги нуфузини ҳам тасдиқлайди.
Мен ишонаманки, бу Марказ катта муваффақиятга эришади ва Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамда энг нуфузли музейлардан бирига айланади. Франциянинг музей иши бўйича бой тажрибасини инобатга олган ҳолда, келгусида Франция билан ҳамкорлик янада кенгайишига ва янги қўшма лойиҳалар амалга оширилишига катта имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблайман.
