
Фикрлар
Фаҳд Ал-Жалажел
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида асрлар давомида шаклланган, илм-фан ва маърифат юксалишига хизмат қилган ҳамда бугунги тараққиёт босқичигача етиб келган бой тарихни кўриш менда катта қувонч, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Бу буюк цивилизациянинг замон билан ҳамнафас тараққий этиб, янги давр руҳи билан янада бойиб бораётганини кўриш айниқса қувонарлидир. Марказ бўйлаб қилган саёҳатимнинг ҳар бир лаҳзаси менга фахр, миннатдорлик ва ғурур ҳиссини бағишлади.
Шу муносабат билан муҳтарам Президентга ушбу ноёб музейни барпо этгани, ислом цивилизациясининг бебаҳо меросини бутун дунёга замонавий ва таъсирчан услубда намоён этиш имконини яратгани учун самимий миннатдорлик билдираман. Бу ташаббус ҳар бир ташриф буюрувчида чексиз ифтихор туйғусини уйғотади.
Марказнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, унда оила, жамият ва инсон ҳаёти ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳолда ёритилган. Ислом цивилизацияси инсоннинг кундалик турмуши, ҳаёт тарзи ва қадриятлари билан уйғун тарзда намоён этилгани унга янада ҳаётий мазмун бағишлайди. Бу эса ёш авлодга ўтмиш цивилизациялари қандай шакллангани, уларнинг тараққиёт босқичлари ва бугунги кунгача қандай ривожланиб келганини чуқур англаш имконини беради.
Мен буни нафақат Ислом цивилизацияси марказида, балки Ўзбекистонга ташрифим давомида мамлакатнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли тараққиёт ва янгиланишларда ҳам яққол кўрдим. Биз, Саудия Арабистони Подшоҳлиги халқи сифатида, Ўзбекистондаги биродарларимизнинг ушбу юксак ютуқлари ва эришилаётган муваффақиятларидан чин қалбдан мамнунмиз.
