Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Шайх Нуриддин Холиқназар: “Ислом цивилизацияси илм, ҳикмат, адолат, раҳмат ва бағрикенглик манбаидир”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуслари ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида янги босқични бошлаб бергани бугун 40 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин давлат ва жамоат арбоблари, хорижий олимлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини бирлаштирган  I халқаро ислом цивилизацияси форумда яна бир бор исботини топди. Форум ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказишни мақсад қилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Форум қатнашчиларини қутлаб, юртимизда бу борада олиб борилаётган кенг кўламли диний-маърифий ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказида биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини бошлаётгани муносабати билан барчангизни чин қалбимиздан муборакбод этамиз.

Бугун турли мамлакатлардан ташриф буюрган халқаро ташкилотлар етакчилари, мўътабар уламолар, муфтийлар, давлат ва жамоат арбоблари, олимлар ҳамда илмий муассасалар раҳбарларининг ушбу нуфузли анжуманда иштирок этаётгани мамлакатимиз учун юксак эҳтиром ва катта шарафдир.

Бугун дунёда ислом тамаддунининг буюк дарғалари: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурхониддин Марғилоний каби улуғ алломаларнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттираётган сиз каби забардаст олимларни борлиги учун Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда муборак ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш, буюк алломаларимиз қолдирган бебаҳо илмий-маънавий меросни ўрганиш ва дунё аҳлига етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқандда Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи мажмуаси замонавий қиёфада қайта барпо этилди. Унинг атрофида халқаро илмий тадқиқот маркази, инновацион музей ва ҳадис илми олий мактаби ташкил қилинди. Шунингдек, Термизда Имом Термизий мажмуаси қайта бунёд этилди. Халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда ислом институти ва диний таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ алломаларимиз меросини тадқиқ этиш ва тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ислом цивилизацияси илм, ҳикмат, адолат, раҳмат ва бағрикенглик манбаидир. Унинг ҳақиқий моҳиятини теран англаш ва эзгу ғояларни инсониятга етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Шу маънода, мазкур форум турли мамлакатлардан ташриф буюрган уламолар ва тадқиқотчиларни умумий мақсад — исломнинг асл моҳияти, унинг тинчлик, маърифат ва инсонпарварликка асосланган цивилизация эканини кенг тарғиб этиш йўлида бирлаштиради деб умид қиламиз иншааллоҳ. Форум доирасида бўлиб ўтадиган мажлислар, илмий муҳокамалар ва конференциялар ислом цивилизациясига оид долзарб масалалар юзасидан илмий асосланган фикр алмашиш, ўзаро тажриба ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистонда маънавий юксалиш ва учинчи ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда буюк аждодларимиз мероси энг мустаҳкам таянчлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Чунки Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва бошқа юзлаб алломаларимиз қолдирган илмий хазина нафақат мусулмон уммати, балки бутун инсониятни умумий бойлигидир. Биз ана шу улуғ меросни ворислари сифатида илмни улуғлаш, бағрикенгликни қарор топтириш, тинчликни мустаҳкамлаш ва ёш авлодни соф ислом таълимоти руҳида тарбиялашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1384526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1125829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
905127.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.