Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон ислом цивилизацияси бўйича глобал мулоқотни бошлади

Тошкент халқаро гуманитар дипломатиянинг муҳим майдонига айланмоқда. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўз ишини бошлаган «I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» ислом цивилизациясининг илмий меросини қайта англаш, уни замонавий тараққиёт кун тартиби билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг янги моделларини шакллантиришга қаратилган энг йирик халқаро платформалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Юзлаб олимлар, диний арбоблар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва давлат делегацияларини бирлаштирган форум Ўзбекистоннинг маданий меросни сақлаш сиёсати билан глобал гуманитар мулоқотни боғловчи янги босқични бошлаб бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади — ислом цивилизациясининг илм-фан, маърифат ва инсонпарварликка асосланган ҳақиқий моҳиятини халқаро миқёсда кенгроқ намоён қилиш, қўлёзмалар ва маданий меросни асраш, уларни рақамлаштириш ҳамда турли цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат.

Халқаро кузатувчилар фикрича, бундай мулоқот майдонларига эҳтиёж сўнгги йилларда дунёда диний муросасизлик, экстремизм ва исломофобия билан боғлиқ баҳслар кучайган бир даврда янада ортмоқда.

Форум ICESCO Бош директори доктор Солим ал-Молик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ал-Исо, Иордания шаҳзодаси Ҳасан бин Талол, Россия мусулмонлари муфтийси Равиль Гайнутдин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, IRSICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода  ва бошқа кўплаб нуфузли меҳмонлар иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Мурожаатда мамлакатда ислом цивилизацияси меросини тиклаш, асраш, фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидланди.

Шунингдек, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, буюк алломалар меросини келажак авлодларга етказиш ҳамда исломнинг инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига холис етказиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим вазифаларидан бири сифатида қайд этилди.

Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Музаффар Камилов форумни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маърифий ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида баҳолади.

– Сиз азизларни Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино каби жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар юрти – қадимий ва меҳмондўст Ўзбекистон заминида қутлаш, хусусан, 2017 йили Янги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг шахсан ташаббуси ва раҳнамолигида бунёд этилган муҳташам Ислом цивилизацияси марказида кўриб турганимиз мен учун катта шараф ва бағоят мамнуниятдир, - деди Музаффар Камилов.

ICESCO Бош директори Солим ал-Молик форумдаги нутқида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда гуманитар соҳада амалга оширган ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, мамлакатда тарихий меросни сақлаш, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсат нафақат миллий, балки бутун ислом цивилизацияси учун муҳим аҳамиятга эга.

– Цивилизация тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ушбу муборак юртга яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор этаман. Бугун Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти, ижтимоий адолат, иқтисодий тараққиёт ва ташқи сиёсат соҳаларида эришаётган ютуқлари халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Бу, аввало, цивилизациянинг ўзи учун қувончли воқеликдир. Шунингдек, бутун ислом олами учун ҳам катта ифтихор манбаидир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жанобларига ва мамлакат раҳбариятига оқилона сиёсати ҳамда эзгу саъй-ҳаракатлари учун самимий ташаккур билдираман, - деди ICESCO Бош директори Солим ал-Молик. 

Очилиш маросимида шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг форум иштирокчиларига йўллаган табрик мактуби ҳам ўқиб эшиттирилди.

Унда форум замонавий халқаро муносабатларда тинчлик, мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим ташаббус сифатида баҳоланди.

Эрдўған исломофобия кучайиб бораётган бугунги шароитда исломнинг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини халқаро майдонда кенгроқ намоён қилиш умумий тарихий масъулият эканини таъкидлади.

Форумда нотиқлар Мовароуннаҳр цивилизацияси инсоният тараққиётига қўшган ҳиссани алоҳида таъкидлаб, Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Хива каби тарихий шаҳарларни глобал илмий ва маданий мерос марказлари сифатида янада кенг тарғиб қилиш зарурлигини билдирдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўлёзмаларни рақамлаштириш, тарихий меросни муҳофаза қилиш ва академик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш сиёсати халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.

I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат илмий анжуман, балки замонавий халқаро муносабатларда маданий дипломатия, илм-фан ва маърифат орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган стратегик платформа сифатида шаклланмоқда.

Тошкентда бошланган мазкур мулоқот Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий меросини халқаро академик майдон билан боғлаш, цивилизациялар ўртасидаги конструктив мулоқотни кенгайтириш ҳамда ислом цивилизациясининг инсонпарварлик, илм ва бағрикенгликка асосланган қадриятларини глобал даражада илгари суришга хизмат қилади.

Форумнинг биринчи кунида илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг гуманитар дипломатия соҳасидаги роли ортиб бораётганини ҳамда мамлакат Марказий Осиёда халқаро интеллектуал ҳамкорликнинг муҳим марказларидан бирига айланаётганини яна бир бор намоён этди.

Эслатиб ўтамиз, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда БМТнинг Нью-Йорк ва Женева шаҳарларидаги қароргоҳларида, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Париждаги офисида ислом цивилизацияси ва аждодларимиз меросига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимотлар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланган мазкур форум ўз ишини 11 июлга қадар давом эттиради. Форум доирасида Самарқанд ва Термиз шаҳарларида буюк алломалар меросига бағишланган тўртта халқаро илмий конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1384626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1125929.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
905327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.