“Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференция
ПРЕСС РЕЛИЗИ
2026 йил 9 июль куни Самарқанд шаҳрида “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш соҳасида бошланган ишларни тизимли давом эттириш ва уни янги босқичга олиб чиқишга зарурат мавжуд.
Мавзунинг долзарблиги. Бугунги кунда қуйидаги омиллар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этмоқда:
- Ўзбекистон Имом Мотуридийнинг ватани сифатида мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва тарғиб этишга ҳар жиҳатдан ҳақли ҳисобланади;
- мотуридийлик мактабининг бағрикенг ғоялари, асрлар давомида минтақамиз хусусиятларига мос ҳолда шаклланган инсонпарвар таълимоти радикализмга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали воситаси сифатида баҳоланмоқда;
- сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мотуридийшунослик илмий мактаби шаклланди. Ўзбекистонлик мотуридийшунос олим ва тадқиқотчилар халқаро конференция ва семинарларда фаол иштирок этмоқда;
- мотуридийлик мактаби ғояларини замон талаблари асосида илмий тадқиқ этиш ва кенг ёйиш ушбу таълимот тарқалган Марказий Осиё, Жанубий Осиё (Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш), Европа ва Кичик Осиё (Туркия, Россия, Босния ва Герцеговина, Косово, Албания) минтақаларида яшовчи мусулмонларни ақидавий жиҳатдан бирлаштиради. Мазкур ҳудудда дунё мусулмонларининг тахминан 40 фоизи истиқомат қилади.
Конференция ташкилотчилари – Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари.
Конференция иштирокчилари – Россия, Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия, Нидерландия, Ҳиндистон каби араб-мусулмон давлатлари вазирлари, муфтийлари, нуфузли исломшунос, диншунос олимлар, мотуридийшунос тадқиқотчилар, давлат ва жамоат арбоблари, диний соҳа вакиллари, Ал-Азҳар университети профессор-ўқитувчилари.
Конференцияни ўтказиш жойи: Тадбир Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида ўтказилади.
Конференция қуйидаги шўъбаларда фаолият олиб боради:
1. Имом Мотуридий ва издошларининг калом илми ривожидаги ўрни.
2. Замонавий дунёда Имом Мотуридий ҳамда мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши.
3. Глобаллашув даврида мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик маданияти ва илм-фанни ривожлантиришдаги аҳамияти.
Биринчи шўъба Имом Мотуридий ва издошларининг ҳаёт йўли, Мовароуннаҳр калом илми мактаби ривожланиш тарихи ҳақида баҳс-мунозаралар, илмий музокараларга бағишланади.
Иккинчи шўъба мотуридийлик таълимотида илгари сурилган ғоялар, жумладан, бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат назарияларининг шаклланишига оид мунозараларни ўз ичига олади.
Учинчи шўъбада Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросида кўтарилган мавзуларнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги илмий ва назарий аҳамиятига оид баҳс-мунозараларга бағишланади.
Конференция якунида Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янги босқичга олиб чиқиш бўйича нуфузли олимларнинг таклиф ва ташаббуслари ишлаб чиқилади.
Кутилаётган натижалар:
1. Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти вакилларининг бой илмий меросини ўрганиш йўналишида сўнгги йилларда Ўзбекистонда эришилган муҳим илмий натижалар ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти халқаро илмий жамоатчиликка етказилади.
2. Анжуман доирасида дунёнинг етакчи мотуридийшунос олимлари, нуфузли хорижий университетлар ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан истиқболли алоқалар йўлга қўйилади. Мотуридийлик мактабига оид қўлёзмаларни биргаликда тадқиқ этиш, таржима ва нашр ишларини жадаллаштиришга қаратилган қўшма халқаро илмий лойиҳалар муҳокама қилинади.
3. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мотуридийшунос олимлар, докторант ва тадқиқотчиларнинг дунё миқёсидаги нуфузли илмий доираларга интеграциялашувига кўмаклашилади.
4. Халқаро миқёсда тан олинган мотуридийшунос олимлар ва юртимиз уламоларининг фикр ҳамда илмий хулосаларини жамлаган ҳолда таълимотнинг асл мазмунини ёритувчи кўрсатувлар, интервьюлар ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.
5. Конференцияда иштирок этаётган дунёнинг етакчи исломшунос олимлари ва уламоларнинг фикр ва маърузалари асосида радикал оқимларнинг даъволарига қарши илмий раддиялар ишлаб чиқилади.
Маданий дастур доирасида иштирокчилар Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий мақбараси ва Самарқанддаги тарихий қадамжоларни зиёрат қиладилар.
Халқаро конференция иши маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кенг ёритиб борилади.


