Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Гонконгда Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғоя ва ташаббуслари асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда ўзининг ғоя ва мақсадлари, салоҳияти билан дунё аҳлининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

Айни пайтда дунёнинг турли шаҳарларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимотлари, йирик музей ва кутубхоналар, маданий-маърифий марказларда турли учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигидаги делегация вакиллари ана шу мақсадда Хитой Халқ Республикасига жўнаб кетишди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мазкур ташриф ва Гонконгдаги тадбирларни ташкил этишда ҳар томонлама кўмак кўрсатгани учун Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиевга алоҳида миннатдорлик билдиради.

Дипломатик ваколатхона кўмагида Гонконг Сарой музейи раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди, Марказ тақдимоти тайёрланди ҳамда маданият, илм-фан ва жамоатчилик вакилларининг тадбирларда иштирок этиши таъминланди.

20 июль куни Марказ вакиллари Гонконг махсус маъмурий туманидаги Гонконг Сарой музейида (Hong Kong Palace Museum) бўлишди. Ислом цивилизацияси маркази билан деярли бир пайтда иш бошлаган мазкур музей дунё цивилизациялари, тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи бир қанча экспозицияларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон ва Хитой маданий дипломатия соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида янги қадам ташлади. Гонконгда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Гонконг Сарой музейи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, музейшунослик, маданий меросни асраш ва мутахассислар алмашинувини қамраб олади. Келишув икки мамлакатнинг маданий муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш билан бирга, Марказий Осиёнинг бой цивилизацион меросини халқаро музей майдонида кенгроқ намоён этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафарида бўлиб турибди. Хизмат сафари доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Гонконг Сарой музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатга Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва Гонконг Сарой музейи директори доктор Луис Нге имзо чекди.

Меморандум музейшунослик, маданий меросни муҳофаза қилиш, реставрация, илмий тадқиқотлар, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Сўнгги йилларда маданий меросни асраш ва уни замонавий музей технологиялари орқали оммалаштириш глобал маданий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. UNESCO ва халқаро музей ҳамжамияти тарихий меросни рақамлаштириш, реставрация қилиш ҳамда уни халқаро аудиторияга етказиш бўйича давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан мазкур келишув Марказий Осиё ва Шарқий Осиё ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг кўп асрлик илмий ва маънавий меросини халқаро жамоатчиликка кенг танитиш мақсадида барпо этилаётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Марказнинг асосий вазифаси буюк алломалар меросини илмий асосда ўрганиш, сақлаш ва уни замонавий музей ҳамда рақамли технологиялар ёрдамида кенг жамоатчиликка тақдим этишдан иборат.

– Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё илм-фани ва маданияти учун муҳим илмий-маърифий масканга айланмоқда. Марказнинг асосий вазифаси буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, сақлаш ва уни халқаро жамоатчиликка замонавий ёндашувлар асосида етказишдан иборат. Бу йўлда жаҳоннинг етакчи музей ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш биз учун устувор вазифалардан биридир. Гонконг Сарой музейи билан имзоланган меморандум икки муассаса ўртасида узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади ҳамда қўшма кўргазмалар, илмий лойиҳалар ва маданий алмашинув дастурларини амалга ошириш имкониятини кенгайтиради, — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Гонконг Сарой музейи директори доктор Луис Нге эса бир неча ой аввал Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида мамлакатда маданий меросни сақлаш ва намойиш этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифимиз биз учун муҳим тажриба бўлди. Мамлакатингизда маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни замонавий усулларда тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишлар катта қизиқиш уйғотди. Бугунги келишув ҳамкорлигимизнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилишига ишонаман, — деди доктор Луис Нге.

Имзолаш маросимидан кейин икки муассаса раҳбарлари оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказиб, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, реставрация соҳасида тажриба алмашиш ва музей мутахассисларини тайёрлаш бўйича истиқболли режалар ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси Гонконг Сарой музейи экспозицияси билан танишди. Музей коллекциясида Хитой ва жаҳон цивилизацияси тарихи, қадимий санъат асарлари, императорлик саройи мероси ҳамда ноёб маданий бойликлар жамланган. Делегация музей фондларини бошқариш, реставрация ишлари ва рақамли музей технологияларини қўллаш бўйича амалий тажрибалар билан танишди.

Мазкур меморандум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорлик тармоғини янада кенгайтириш, жаҳоннинг етакчи музейлари билан илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини халқаро музей ва илмий майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши кутилмоқда. Бундай ҳамкорликлар маданий дипломатия орқали давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, умуминсоний меросни асраш ва уни келажак авлодларга етказишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни ҳам қўллаб-қувватлайди.

Шундан сўнг Гонконг Сарой музейида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти ўтказилди.

Унда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, мамлакатда амалга оширилаётган маданий ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий ва маърифий фаолияти халқаро жамоатчиликка тақдим этилди. Тақдимотни очган Гонконг Сарой музейининг Таълим ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари доктор Жорж Ма Ўзбекистон ва Хитойни кўп асрлик тарих, Буюк Ипак йўли ва умумий маданий мерос боғлаб туришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай учрашувлар музейлар, илмий муассасалар ва маданий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим платформа ҳисобланади.

Тадбирда Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Савдо ва иқтисодий ривожланиш бюросининг «Бир макон — бир йўл» бўйича комиссари Николас Хо, Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ҳамда Гонконг Сарой музейи директори доктор Луис Нге иштирок этиб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик асосида изчил ривожланаётганини қайд этдилар. Айниқса, музейлар ҳамкорлиги, илмий тадқиқотлар ва маданий алмашинув дастурлари икки мамлакат муносабатларининг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, мамлакатнинг бой маданий мероси ҳамда Ўзбекистон–Хитой муносабатларига бағишланган қисқа ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов «Ўзбекистон меросига очилган ойна: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази» мавзусида маъруза қилди.

У ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Марказ нафақат музей, балки илм-фан, таълим, маданий дипломатия ва халқаро ҳамкорликни бирлаштирувчи замонавий илмий-маърифий платформа эканини таъкидлади.

— Ўзбекистон ва Хитойни минг йиллик тарих, Буюк Ипак йўли ва цивилизациялар мулоқоти боғлаб туради. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Марказ ана шу умумий меросни чуқур ўрганиш, асраш ва бутун дунёга етказишга хизмат қилади. У келгусида икки мамлакатнинг музейлари, архивлари, кутубхоналари ва илмий муассасаларини бирлаштирувчи муҳим халқаро майдонга айланади, — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Маърузада Марказ экспозицияларининг концепцияси, Буюк Ипак йўлининг цивилизациялар ривожидаги ўрни, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илмий мактаблар, буюк алломалар мероси ҳамда замонавий музей технологиялари асосида яратилаётган экспозициялар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов Ўзбекистон ва Хитой археологлари ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик, қўшма экспедициялар ва археологик тадқиқотлар натижалари ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, қўшма илмий изланишлар Буюк Ипак йўли орқали шаклланган маданий алоқаларни янада чуқурроқ ўрганиш имконини бермоқда ва икки мамлакат олимлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий котиби Рустам Жабборов эса «Алишер Навоий ижодида Хитой мавзуси» мавзусида маъруза қилиб, Навоий асарларида Хитой гўзаллик, илм-фан, ҳунармандчилик ва юксак маданият рамзи сифатида талқин қилиниши орқали халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик ва умуминсоний қадриятлар ғояси ифода этилганини таъкидлади.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Гонконг Сарой музейи ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган сертификатлар алмашилди. Ҳужжатларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва Гонконг Сарой музейи директори доктор Луис Нге қабул қилиб олдилар.

Шунингдек, томонлар музейшунослик, маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, китоб-альбомлар нашр этиш ҳамда мутахассислар алмашинувини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Тадбир сўнгида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Гонконг Сарой музейига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомлар совға қилинди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари давом этмоқда.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1436126.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1177829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
954027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.