Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлари танловини эълон қилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида 26 август куни ноёб Қуръон нусхасини яратиш бўйича Жаҳон хаттотлари танлови эълон қилинади.

«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот, Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Ноёб Қуръон нусхаси турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларига хос ислом хаттотлигининг энг яхши анъаналарини ўзида мужассам этиши кўзда тутилган.

Танлов медиафорумнинг «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» номли ялпи сессиясида тантанали эълон қилинади. Сессия 26 август куни соат 9:30 дан 12:00 гача бўлиб ўтади.

Сессия доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам ташкил этилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Умон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистон давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.

Дастурдан Қуръон ва қўлёзма меросига бағишланган қатор лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси, шунингдек, «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси мавжуд.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда хаттотлик анъаналари институционал даражада қайта тикланмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Ушбу мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий хат услубларини ўргатиш режалаштирилган.

Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом Бухорий мажмуасида ҳам алоҳида ўрин тутади. Мажмуа пештоқлари ва айвон деворлари «Саҳиҳи Бухорий» асаридан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган.

Шунингдек, мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз: 24-28 август кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтказиладиган халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда қарийб 50 мамлакатдан 300 нафар медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1438526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1179729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
956327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.