

Янгиликлар
Медиафорум арафасида Тошкентда тўққиз давлатдан келган экспертлар иштирокида учрашувлар ўтказилди
Тошкент шаҳридаги еттита олий таълим муассасасида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми доирасида маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбирларда тўққиз давлат — Россия, Италия, Туркия, Германия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Австрия, Озарбайжон ва Швециядан ташриф буюрган 12 нафар хорижий эксперт иштирок этди.
Учрашувлар давомида замонавий журналистика ва медиа индустрияси, ҳужжатли кино, сунъий интеллект, ноширлик, маданий дипломатия, туризм ҳамда тарихий-маданий меросни халқаро аудиторияга замонавий медиа воситалари орқали тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хорижий экспертлар олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, ўз мамлакатларидаги медиа соҳаси тажрибаси, янги технологияларнинг журналистикага таъсири ва замонавий аудитория билан ишлаш усуллари ҳақида фикр алмашдилар.
Хусусан, DIVI телекомпанияси продюсери Вера Ильина “Янги Коинот. Ислом цивилизацияси маркази” ҳужжатли фильми ҳамда “Қадимги цивилизациялар сарчашмалари сари” фильмининг трейлерини тақдим этди. Tarih TV бош режиссёри Мухаммет Агах Карлыага эса тарихий воқеалар ва буюк алломалар ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильмлар яратишнинг замонавий ёндашувлари хусусида сўз юритди.
Миландаги Леонардо да Винчи музейи мутахассиси Марио Таддеи Леонардо да Винчи кодекслари, унинг машиналари ва ихтиролари, қадимги араб илм-фанининг Европа илмий тафаккурига таъсири ҳақида маълумот берди. Шунингдек, учрашувда Ал-Муродийнинг “Сирлар китоби”да тасвирланган илмий ихтироларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Медиа соҳасининг келажагига бағишланган сессияларда The London Post асосчиси Раза Саид рақамли даврда журналистиканинг ривожланиши, аудитория ишончи ва замонавий журналистларга қўйилаётган касбий талаблар ҳақида фикр билдирди. Aju News Corporation вакили Ли Джунгву Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари тажрибаси ҳамда глобал рақамли аудитория билан ишлаш усуллари билан таништирди.
Ноширлик йўналишида Müller & Schindler президенти Шарлотта Крамер рақамли контент ва янги медиа таъсирида анъанавий ноширлик соҳасида юз бераётган ўзгаришларга тўхталди. Mega Basım бошқаруви раиси Хасанбей Конду эса ислом цивилизацияси меросини замонавий китоб нашри орқали тарғиб қилиш, шунингдек, сунъий интеллектнинг китоб тайёрлаш ва нашр этиш жараёнларидаги имкониятлари ҳақида сўзлади.
Учрашувларда маданий дипломатия, халқаро ахборот ҳамкорлиги ва туризм масалалари ҳам муҳокама қилиниб, медиа воситалари орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг тарихий-маданий салоҳиятини халқаро аудиторияга кенг тарғиб этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шу тариқа, медиафорум олдидан ташкил этилган ушбу учрашувлар хорижий медиа ва ижодий соҳа вакиллари билан ўзбек ёшлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, халқаро тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим платформа бўлди.
Эслатиб ўтамиз, форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 давлатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, халқаро нашрлар ва рақамли платформалар вакиллари, шунингдек, эксперт ва ижодий соҳа намояндалари иштирок этмоқда.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.