

Янгиликлар
БМТ Бош қароргоҳида махсус тақдимотларни ўтказиш масалалари ўрганилди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Ўзбекистоннинг бой цивилизацион мероси ва буюк алломалар илмий-маънавий хазинасини жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён этишга қаратилган муҳим ташаббуснинг амалий жиҳатлари Нью-Йоркда ўрганилди. Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий каби буюк алломалар меросига бағишланган махсус тақдимотларни БМТ Бош қароргоҳида ўтказишга тайёргарлик доирасида қатор ташкилий ва техник масалалар кўриб чиқилди.
Аввал хабар берилганидек, мазкур мақсадда АҚШга ташриф буюрган ишчи гуруҳ БМТ Бош қароргоҳида режалаштирилаётган халқаро тадбирни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўрганди.
Маълумки, махсус тақдимотларни халқаро майдонда ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган эди. Ташриф давомида ушбу ташаббусни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш билан боғлиқ аниқ вазифалар муҳокама қилинди.
Яқинда ишчи гуруҳ БМТ Бош Ассамблеяси ва Конференциялар бошқаруви департаментининг Марказий режалаштириш ва мувофиқлаштириш бўлими сектор бошлиғи Син Тонг-Майвалд хоним билан учрашди.
Учрашувда БМТ Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро тадбирнинг мақсад ва вазифалари, мазмун-моҳияти ҳамда ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳ раҳбари Комилжон Шермухамедов тадбир концепцияси лойиҳасини тақдим этиб, режалаштирилаётган конференциянинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.
БМТ вакили Син Тонг-Майвалд хоним эса конференцияни ўтказиш учун мавжуд заллар ва уларнинг имкониятлари бўйича таклифларини билдирди. Учрашув якунида билдирилган таклифлар асосида концепцияни янада такомиллаштириш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, БМТнинг Операцион қўллаб-қувватлаш департаменти Махсус тадбирлар бўлими масъули Наги Наср билан ишчи тартибда учрашув ўтказилди. Мулоқотда БМТ Бош қароргоҳида махсус кўргазмани ташкил этишнинг техник жиҳатлари муҳокама қилинди.
Наги Наср ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган кўргазма концепциясининг дастлабки лойиҳаси билан танишиб, БМТ Бош қароргоҳида экспозицияни жойлаштириш мумкин бўлган майдонлар ва уларнинг техник имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Наги Наср иштирокида кўргазма, конференция ва расмий қабул маросимини ўтказиш режалаштирилган жойларни ҳам кўздан кечирди. Уларнинг техник имкониятлари, мавжуд инфратузилмаси ва тадбирларни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар ўрганилди.
Шу тариқа, БМТ Бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси тарихи, буюк алломалар мероси ва илмий-маърифий салоҳиятини намойиш этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш бўйича муҳим ташкилий ва техник масалалар ойдинлаштирилди.
Ташриф доирасида АҚШнинг бошқа штатларида ҳам Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти ҳамда буюк алломалар меросига бағишланган махсус тақдимотларни ўтказиш бўйича қатор келишувларга эришилди.
Бу ташаббус Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш, буюк алломаларимизнинг жаҳон илм-фани ва маънавий тараққиётига қўшган ҳиссасини глобал аудиторияга етказиш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.