Малайзия шаҳзодаси Тошкентда: “Бу — Ўзбекистоннинг бутун дунёга тақдим этган энг яхши совғаси”
Малайзиянинг Перлис штати шаҳзодаси Сайид Файзуддин Путра ибн Туанку Сайид Сирожиддин Жамалуллайл Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муаллифлик ғоясини Ўзбекистоннинг бутун дунёга тақдим этган энг яхши совғаси, дея эътироф этди.
Шаҳзода Сайид Файзуддин Путра ибн Туанку Сайид Сирожиддин Жамалуллайл бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида музей экспозициялари орқали Марказий Осиё ҳудудидаги исломдан аввалги даврлардан бошланган тарихий жараёнлар, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, буюк алломалар мероси, Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан ва маданиятнинг юксалиши ҳамда замонавий Ўзбекистонгача бўлган цивилизацион жараён билан танишдилар.
Шаҳзода Сайид Файзуддин Марказдаги ташрифидан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, уни нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган маскан сифатида таърифлади.
Президентга, Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига самимий табрикларимни йўллайман. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб ва бетакрор Ислом цивилизацияси маркази. Менимча, айниқса, мусулмон сифатида бундай марказ мавжудлигидан барчамиз фахрланишимиз керак. Бундай масканнинг гўзал Ўзбекистонда барпо этилгани қувонарли. Менга, айниқса, бу ердаги яхлит концепция — исломдан аввалги даврдан бошланиб, Амир Темур даври цивилизацияси ва бугунги Ўзбекистонгача бўлган тараққиёт жараёнининг изчил ва таъсирчан намойиш этилгани жуда ёқди. Бу маскан орқали мамлакат руҳини ҳис қилиш мумкин. Ўзбекистон халқи қандай қилиб биргаликда янги, янада фаровон ва ҳамжиҳат жамият барпо этиш йўлидан бораётганини англаш мумкин. Ёшлар, албатта, бу ерга келиб, ўтмишда қандай бўлганингизни, бугун қаерда турганингизни ва келажакда мамлакатингиз учун нималар қилишни исташингизни ҳис этишлари ва англашлари керак. Мен учун буни бир сўз билан ифодалаш мумкин: бу — Ўзбекистоннинг бутун дунёга тақдим этган энг яхши совғаси, – деди Малайзия шаҳзодаси.
Ташриф якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов томонидан Малайзия делегацияси аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, ташриф доирасида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди. Келишув Марказнинг халқаро илмий, маданий ва маърифий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда тарихий ва маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича янги имкониятларни очиши кутилмоқда. Мулоқот чоғида Малайзияда ҳам 4 масхабга эга музей ташкил этилиши ва унга Ўзбекистон олимлари ҳамкорликка жалб қилиниши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май санасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази йирик ва тарихий воқеага мезбонлик қилган — Малайзия Қироличаси Олий Ҳазратлари Раджа Зарит Софиянинг ташриф буюрган. Бу ташриф Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик умумий маънавий ва илмий қадриятларга таянган ҳолда янги босқичга кўтарилаётганидан далолат.






