Президент ташаббуси: 55 давлатга алоқадор халқаро вазифалар қандай натижа беряпти?
Парижда ЮНЕСКО минбарида халқаро илмий мулоқот, Женевада БМТ кутубхонаси билан ҳамкорлик истиқболлари, Бокуда имзоланган илмий меморандум ва Доҳада қўлёзмаларни тадқиқ этиш ҳамда рақамлаштириш бўйича муҳокамалар — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолияти янги амалий йўналишлар билан кенгаймоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Марказни 55 давлатда тақдим этиш вазифаси белгиланган. 2026 йил октябр ойидаги ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини жаҳон академик муҳитига олиб чиқишда муҳим босқич бўлди. Бунда асосий мезон тақдимотлар сони эмас, балки хорижий архивлардан ўрганиладиган янги манбалар, амалга ошириладиган қўшма тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликнинг аниқ илмий натижаларидир.
Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда ўрганиш ва кенг тарғиб этиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган маърифий ташаббусларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.
2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида давлат раҳбари ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, илм-маърифат ва бағрикенглик ғояларини кенг ёйиш зарурлигини таъкидлаган. Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғояси ҳам ана шу мақсадлар билан бевосита боғлиқ.
2025 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Ислом цивилизацияси марказини, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти майдонида махсус тақдим қилиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур йўналиш 2026 йил 10 июнда давлат раҳбарига тақдим этилган Ислом цивилизацияси марказининг келгуси фаолият режаларида янада аниқ ифодасини топди.
Марказ тақдимотларини дунёнинг 55 та давлатида ташкил этиш, Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳи, БМТнинг Женева ва Нью-Йоркдаги тузилмаларида махсус халқаро тадбирлар ўтказиш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, АҚШдаги Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази, ICESCO, IRCICA, TURKSOY каби халқаро ташкилотлар билан қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни ривожлантириш кўзда тутилди.
Белгиланган вазифалар хориждаги тақдимотлардан ташқари хорижий музейлар, аукционлар ва хусусий коллекцияларда сақланаётган Ўзбекистонга оид ноёб артефактларни аниқлаш, илмий экспертизадан ўтказиш, маданий меросни қайтариш механизмларини такомиллаштириш ва рақамли маълумотлар базаларини ривожлантириш ҳам устувор йўналишлар қаторига киритилди.
Бундай ёндашувда халқаро тақдимотлар янги илмий манбаларни топиш, хорижий мутахассисларни жалб этиш ва узоқ муддатли тадқиқот алоқаларини шакллантириш воситаси сифатида қаралмоқда.
2026 йил давомида Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларида Марказ фаолияти халқаро аудиторияга таништирилди. Октябрь ойида Франция, Швейцария, Озарбайжон ва Қатарда ўтказилган тадбирлар эса ушбу халқаро фаолиятнинг турли йўналишларини намоён қилди.
Париж: Ўзбекистон илмий мероси ЮНЕСКО майдонида
7 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг илмий-маънавий меросига бағишлаб ўтказилган «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги халқаро конференция 300 нафардан зиёд олим, дипломат, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакилларини бирлаштирди.
Ислом цивилизацияси маркази директори бошчилигидаги делегация иштирокида ўтказилган конференциянинг асосий мавзулари Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси, нодир қўлёзмаларни тадқиқ этиш, тарихий манбаларни рақамлаштириш ва илмий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Иштирокчиларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий концепцияси, музей экспозициялари, қўлёзмаларни ўрганиш ва маданий меросни сақлашга қаратилган лойиҳалари тақдим этилди.
Анжуманда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси президенти Хондкер М. Талха ва ташкилот Ижроия кенгаши раиси Носир Ҳамад Ҳинзоб иштирокчиларга мурожаат қилди.
Хондкер М. Талха, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси президенти:
«Бугун бизни асрлар давомида халқлар ўртасидаги мулоқотга асос бўлиб хизмат қилган умумий маънавий ва маданий мерос бирлаштириб турибди. Айнан ўзаро англашув ва ҳамкорлик руҳи ЮНЕСКО фаолиятининг асосини ташкил этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг давоми бўлган бундай муҳим тадбирни ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукумати ва ЮНЕСКОга самимий миннатдорлик билдираман».
Конференцияда Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳон Низомий, IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Милан университети профессори Марио Таддеи ва бошқа халқаро илмий муассасалар вакиллари қатнашди.
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ICESCO бош директори Салим Муҳаммад Малик ўз маърузасида ислом цивилизациясининг илм-фан, маданият ва таълим тараққиётига қўшган ҳиссасини таъкидлади.
У маданий меросни турли авлодлар ва цивилизациялар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлайдиган муҳим омил сифатида баҳолади.
Париждаги анжуман Ўзбекистоннинг илмий меросини халқаро академик муҳокамага олиб чиқиш, уни тадқиқ этиш ва тарғиб қилишда хорижий муассасалар билан ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Париждаги конференцияни Президент ташаббусининг амалий давоми сифатида баҳолади.
Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори:
«Мазкур тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида илгари сурган ташаббусининг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлаб, ушбу бебаҳо меросни жаҳон ҳамжамиятига етакчи халқаро майдонларда — Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ҳамда БМТнинг Женева ва Нью-Йоркдаги майдонларида тақдим этиш ташаббусини илгари сурган. Парижда ўтказилаётган конференция ушбу кенг кўламли ташаббусни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир».
Женева: халқаро мулоқотдан архивлар билан ҳамкорликка
22 октябрь куни Ўзбекистон илмий-маънавий меросининг халқаро тақдимоти Женевадаги БМТнинг Миллатлар саройида давом этди.
Бу ерда «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусида халқаро конференция ва «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая, Ўзбекистоннинг БМТ Женева бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Элдиёр Тошматов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда халқаро илмий ва дипломатик доиралар вакиллари иштирок этди.
Татьяна Валовая расмий нутқида Самарқанд ва Бухоронинг тарихан йирик илм-фан марказлари бўлганига эътибор қаратди.
Ушбу шаҳарларда математика, астрономия, тиббиёт ва фалсафа соҳаларида ривожланган илмий анъаналар турли халқлар ва маданиятлар ўртасида билим алмашинувига хизмат қилгани таъкидланди.
БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги шахсий таассуротларини ҳам билдирди.
Татьяна Валовая, БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори:
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда улкан таассурот қолдирди. Бу — бой тарихий мерос замонавий технологиялар ёрдамида тақдим этиладиган илҳом маскани. Бу ҳақиқатан ҳам XXI аср маркази бўлиб, турли авлод вакиллари, айниқса, ёшлар ва болалар учун қизиқарлидир.
Кўргазма ҳайратланарли, тақдим этилган китоблар эса мутлақо ноёб. Биз кутубхонамиз ва Марказ ўртасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ўйлайманки, бу жуда қизиқарли ҳамкорлик бўлади».
Женевадаги мулоқотнинг муҳим жиҳати кутубхона ва архивлар билан амалий ҳамкорлик имкониятларининг муҳокама қилингани бўлди.
Женевадаги тақдимотнинг Париж анжуманидан фарқли муҳим жиҳати, керак бўлса алоҳида таъкидлаш керакки, энг катта ва муҳим янгилик бу БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбарияти билан ташкилот кутубхонаси ва архивларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилганидир.
Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихига оид халқаро ҳужжатларни ўрганиш, янги манбаларни аниқлаш ва улардан илмий тадқиқотларда фойдаланиш учун муҳим имконият яратиши мумкин.
Шунингдек, кўргазмада намойиш этилган илмий нашрлар БМТнинг Женевадаги бўлинмаси кутубхонасига совға қилинди.
Боку: муштарак мерос илмий меморандум билан мустаҳкамланди
26 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий-маданий мероси ҳамда замонавий илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.
Халқаро Муғом марказида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва икки мамлакат илмий муассасалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг тарихий яқинлиги, умумий маданий мерос ва илмий анъаналарга эътибор қаратилди.
Ибн Сино ва унинг шогирди Баҳманёр, Носириддин Тусийнинг Мароғадаги илмий фаолияти, Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд астрономия мактаби, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий мероси ушбу тарихий-интеллектуал алоқаларнинг муҳим намуналари сифатида тилга олинди.
Анжуманда Марказ фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм ва илмий нашрлар кўргазмаси ҳам тақдим этилди.
Исо Ҳабиббейли, Озарбайжон Миллий фанлар академияси президенти:
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бутун туркий дунё учун улкан аҳамиятга эга бўлган мегалойиҳадир. У орқали аждодларимиз тарихини, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ англаяпмиз», — деди академик.
Боку сафарининг энг муҳим амалий натижаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий фанлар академияси ўртасида илмий ҳамкорлик меморандуми имзолангани бўлди.
Академия Президиумида расмийлаштирилган ҳужжат қўшма тадқиқотлар ўтказиш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва икки мамлакат олимлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Шундай қилиб, Бокуда муштарак тарихни ўрганишга бўлган қизиқиш институционал ҳамкорлик асослари билан мустаҳкамланди.
Доҳа: қўлёзмалар, рақамлаштириш ва илмий дипломатия
29 октябрь куни халқаро тақдимотларнинг навбатдаги манзили Қатар пойтахти Доҳа бўлди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институтида Ўзбекистон ва Қатардаги исломий марказларнинг ислом цивилизациясини танитишдаги ўрнига бағишланган илмий анжуман ташкил этилди.
Тадбир Қатарнинг Цивилизациялар альянси қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институти ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда Қатар давлат вазири, Қатар Миллий кутубхонаси президенти Ҳамад бин Абдулазиз Каварий, Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Ашраф Хўжаев, дипломатлар, олимлар ва илмий муассасалар раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни, Мовароуннаҳр алломаларининг илмий мероси ва уни тадқиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳамад бин Абдулазиз Каварий Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг инсоният илм-фанига қўшган ҳиссасига эътибор қаратди.
У Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини эътироф этиб, маданий меросни асраш ва тарғиб қилишнинг халқаро аҳамиятини таъкидлади.
Ҳамад бин Абдулазиз Каварий, Қатар давлат вазири ва Қатар Миллий кутубхонаси президенти:
«Ушбу марказнинг аҳамияти фақат Ўзбекистон ва унинг буюк тарихий меросини дунёга танитиш билан чекланмайди. Албатта, бунинг ўзи ҳам ниҳоятда улуғ ва муҳим вазифадир», — деди у.
Анжумандаги илмий муҳокамаларда Қуръон ва ҳадис илмлари, Имом Термизийнинг илмий мероси, Мовароуннаҳр мутафаккирларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси каби мавзулар қамраб олинди. Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов «Ислом цивилизацияси маркази: миссияси, лойиҳалари ва ҳамкорлик йўналишлари» мавзусида маъруза қилиб, буюк аждодлар меросини асраш, ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга етказиш Марказ фаолиятининг асосий вазифалари экани таъкидлади.
Ўзбекистон томонидан Усмон мусҳафи, Хоразм Маъмун академияси ва Беруний меросига оид илмий масалалар ҳам муҳокамага киритилди.
Тадбир доирасида қўлёзмаларни ўрганиш, рақамлаштириш, реставрация қилиш, илмий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва қўшма тадқиқотларни ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Доҳа тақдимотининг муҳим жиҳати Ўзбекистоннинг бой қўлёзма меросини Қатар илмий муассасаларининг тадқиқот имкониятлари билан боғлаш бўйича мулоқот бошланганидадир.
Айни пайтда мазкур йўналишларда муҳокама қилинган ҳамкорлик истиқболларини амалга оширилган қўшма лойиҳалар билан тенглаштириб бўлмайди. Уларнинг амалий натижалари кейинги келишувлар ва тадқиқот дастурлари асосида шаклланади.
Халқаро тақдимотлар самараси қандай баҳоланади?
Париждан Доҳагaча бўлган халқаро мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон илмий меросини жаҳонга тақдим этиш жараёни уни халқаро ҳамкорликда чуқурроқ ўрганиш имкониятлари билан бойимоқда. Бу жараённинг энг муҳим натижаси эса ўтмишга берилган эътироф эмас, балки шу мерос асосида яратиладиган янги илмий билимлардир. Шундай экан, биз тўхтамаймиз ва йўлимизда давом этамиз.





