
Фикрлар
Александр Турчин
Беларусь Республикаси Бош вазири
-Бу маскан, бир томондан, жуда кенг қамровли ва пухта ўйланган мажмуа бўлса, иккинчи томондан, инсонни минг йиллар қаъридан бизгача етиб келган буюк цивилизациялар билан юзма-юз қўяди. Бу ерда туғиладиган ҳис-туйғуларни биргина сўз билан ифодалаш қийин. Музей ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада таъсирчан ва мазмунли. Менимча, уни имкон қадар тезроқ очиш зарур. Зеро, қанча кўп инсонлар ушбу экспозиция билан танишса, ислом цивилизациясининг ҳақиқий моҳиятини, унинг илм-фан ва тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини шунча теранроқ англайди. Кеча биз Самарқандда бўлдик ва у ерда ҳам жуда бой тарихий маълумотларни олдик. Бугун эса кўрганларимиз ва эшитганларимиз ўзаро уйғунлашиб, яхлит тасаввур ҳосил қилди. Бундай билим ва таассуротлар инсон хотирасида узоқ сақланади, уни янада чуқур ўйлашга, англашга ундайди. Мен Ўзбекистонга Учинчи Ренессанс даврини тилайман. У кучли ва бардавом бўлсин. Бугун мамлакатингиз жадал суръатларда ривожланмоқда, халқингиз эса илм-маърифатга чанқоқ ва интилувчан. Бироқ тараққиёт янада юксак босқичга кўтарилишига ишонаман. Марказ ҳақидаги таассуротларим жуда юқори. Бугун биз Ўзбекистон Республикаси Президенти — Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашдик. Суҳбат давомида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Мен давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар кўлами ва салмоғидан чуқур таъсирландим. Бундай кенг қамровли, улкан ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар юрт келажагига хизмат қилиши шубҳасиз. Ишонаманки, бундай ноёб ва бебаҳо масканлар яратишда давлат раҳбарининг ҳиссаси бундан кейин ҳам сезиларли бўлади.
