
Фикрлар
Ража Зарит София
Малайзия қироличаси
Ислом цивилизациясида илмий анъаналарга бағишланган халқаро конференциясида сизлар билан бирга бўлиш мен учун катта шарафдир.
Ўзбекистон мусулмон илм-фани тарихидаги муҳим марказлардан биридир. Бу ҳудуд билан боғлиқ номлар бугунги кунда ҳам бутун мусулмон оламида катта эҳтиром билан тилга олинади. Самарқанд ва Бухоро нафақат гўзаллиги, балки уларда шаклланган илмий анъаналари билан ҳам машҳурдир. Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Беруний каби алломаларни ёдга олганимизда, бу замин илм ва шараф устувор бўлган цивилизациянинг марказида турганини англаймиз.
Бугунги асосий вазифа — буюк меросни фақат мақташ эмас, балки уни қайта жонлантиришдир. Бундай анжуманлар шунинг учун муҳим: улар нафақат олимларни бирлаштиради, балки авлодлар ўртасидаги узлуксизликни таъминлайди. Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик билим, мерос ва тараққиётга бўлган умумий интилишни кўрсатади.
География жиҳатидан узоқ бўлсак-да, биз илм ва цивилизация орқали боғланганмиз. Ислом цивилизацияси ҳеч қачон бир халққа тегишли бўлмаган — у умумий меросдир. Бироқ меросни қабул қилишнинг ўзи етарли эмас. Унга муносиб бўлиш керак. Бу эса ҳақиқатни излаш, камтарлик, адолат ва одоб орқали амалга ошади.
Келинг, ўтмишни нишонлаш билан чекланмай, келажак учун масъулиятни ҳам ўз зиммамизга олайлик.
Илмни камтарлик билан излайлик, ҳамкорликни самимият билан қурайлик.
