
Фикрлар
Паоло Замполли
АҚШ Президентининг махсус вакили
Бу ерда мени энг кўп ҳайратга солган нарса, шубҳасиз, муқаддас Қуръони карим бўлди. Уни сентябрь ойида кўриш шарафига муяссар бўлган эдим. Кеча делегация аъзолари билан ҳам келгандим. Бугун яна қайтиб келдим ва эндигина етиб келган ўғлимга ҳам уни кўрсатишни истадим. Бу мен учун жуда ноёб ва қадрли ҳолат бўлди.
Умуман олганда, Ислом цивилизацияси маркази ниҳоятда таъсирли маскан. Менимча, ҳар сафар Тошкентга келганимда бу ерга албатта ташриф буюраман. Бошқаларга ҳам шуни тавсия қиламан: Тошкентга келишнинг ўзиёқ арзийди, аммо ҳеч бўлмаганда шу марказни кўриш учун албатта келиш керак. Ўзбекистон жуда чиройли мамлакат, бу марказда амалга оширилган ишлар эса ниҳоятда пухта, юксак савия ва катта масъулият билан бажарилган. У менда жуда катта таассурот қолдирди.
Шу муносабат билан Президент жанобларига, ушбу марказни қўллаб-қувватлаётган барча инсонларга ва бу ерда фидокорона фаолият юритаётган жамоага чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятига баҳо берар эканман, айтишим мумкинки, у тинчликпарвар, юксак инсоний қадриятларга эга ва келажакни ўйлайдиган раҳбардир. У болалар ва келажак авлод тақдири ҳақида қайғуради, инсонларни бирлаштира олади ва Ўзбекистонни чин дилдан севади. Унинг асосий мақсади — мамлакатни жаҳон майдонида муносиб ўринга олиб чиқишдир.
Биз биргаликда Боэинг компанияси билан боғлиқ муҳим келишувлар устида ҳам ишладик. Натижада Ўзбекистонда кўплаб янги самолётлар пайдо бўлади. Ўзбекистон Марказий Осиё учун Истанбул ва Дубай сингари йирик авиапортга айланиш имкониятига эга, ва биз айнан шу йўналишда самарали ҳамкорлик қилмоқдамиз.
