
Фикрлар
Дилдора Рустамова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон
Бисотимдаги сўзлар таассуротларимни тўлиқ ифодалаб беришга гўё кифоя қилмаётгандек. Ислом цивилизацияси маркази ҳақида бевосита эфир орқали маълумот бериб борганимизда, қалбимда бир орзу пайдо бўлган эди — ушбу марказга келиб, уни ўз кўзим билан кўриш, заллардаги ҳар бир экспонат билан яқиндан танишиш ва улар ҳақида батафсил маълумот олиш. Бугун ана шу орзуим ушалди.
Тарихимиз нақадар бой эканини билардим, аммо бу қадар улкан ва серқирра меросга эга эканлигимизни ҳис этиш қалбимда мутлақо янги туйғуларни уйғотди. Шу қадар буюк ва улуғ аждодларнинг авлодлари эканлигимиз яна бир бор юрагимизда фахр туйғусини мустаҳкамлади.
Марказда намойиш этилаётган экспонатлар, айниқса уларнинг аксарияти айнан ўз юртимизга тегишли экани инсон қалбига алоҳида шукуҳ ва ифтихор бағишлайди. Бу бойликларнинг айнан шу масканда жамлангани эса инсонни шукроналик туйғусига чорлайди. Ҳар бир зални катта қизиқиш ва завқ билан томоша қилдим. Бу ердаги барча маълумотлар ва экспонатлар билан тўлиқ танишиб чиқиш учун бир кун етарли эмаслигини англадим. Айниқса, ҳунармандчиликка оид экспонатлар орқали аждодларимизнинг турмуш тарзи ва улардан қандай фойдаланганини гўё яқиндан ҳис этгандек бўлдим.
Бундан ташқари, марказда замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу технологиялар ёрдамида аждодларимиз сиймоси жонлантирилиб, улар ҳақида маълумотлар бир неча тилларда тақдим этилмоқда. Бу эса айниқса ёшлар учун жуда қизиқарли ва тушунарли формат ҳисобланади. Шу тариқа, берилган маълумотлар уларнинг хотирасида янада мустаҳкам сақланишига хизмат қилади.
Агар ушбу масканга ташриф буюришнинг асосий сабабларини санаб ўтадиган бўлсам, аввало, марказнинг юраги ҳисобланган гумбаз остида жойлашган Усмон мусҳафини кўриш учун келиши керак. Шунингдек, 3000 йиллик бой тарихимизни чуқурроқ англаш ва уни маълум маънода ҳис этиш учун ҳам бу ерга ташриф буюриш жуда муҳим. Яна бир муҳим жиҳат — Амир Темур даврида Умар Ақто томонидан битилган Қуръони каримнинг асл нусхасини кўриш имкониятидир.
Шу боис, барча юртдошларимизни ушбу масканга ташриф буюришга чақираман. Оилавий тарзда келиб, фарзандлар ва ота-оналар билан биргаликда бу ердаги бой тарих ва мерос билан танишиш ҳар биримиз учун ҳам зарур, ҳам шарафлидир.
