
Фикрлар
Лайло Аслонова
Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси
Шуни айтишим керакки, бу ерга киришимдан олдин бундай даражадаги кучли таассурот оламан, деб ўйламаган эдим.
Дастлаб оддий музейга кириб, экспонатларни кўриб чиқиб кетамиз, деган тасаввурда эдик. Аммо бу ерда ҳар бир экспонат билан бевосита интерактив тарзда танишиш, қўл билан ушлаб кўриш, ўша давр муҳитига шўнғиш имконияти борлиги мени чин дилдан ҳайратлантирди. Ўтган йили Лондондаги музейда бўлганимда шундай интерактив усулларни кўриб, бизда ҳам шундай имкониятлар бўлса эди, деган орзу қилган эдим. Бугун эса Ислом цивилизацияси марказида ундан-да гўзалроқ, ундан-да ҳашаматлироқ ва энг асосийси, ёшлар учун ниҳоятда қизиқарли тарзда яратилган экспозицияларни кўриб, бу орзуларим рўёбга чиққандек бўлди.
Музей тўртта даврга бўлинган бўлиб, бу ерда Ўзбекистон тарихини мактаб дарсликларидан эмас, балки бевосита шу ерга келиб, ҳар бир босқични, ҳар бир даврни гўё ўша даврда яшаган инсонлар каби ҳис қилиб ўрганиш имконияти мавжуд. Менимча, бу ерга бир кун келишнинг ўзи ҳам етарли бўлмайди.
