Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Фикрлар

Дилма Русеф

Янги тараққиёт банки президенти

Менда бу Марказ ҳақида жуда кўп ва жуда илиқ таассуротлар қолди. Аввало, бу бинодаги ҳар бир жиҳатнинг юксак сифат билан амалга оширилгани мени ҳайратга солди. Деворлардаги нафис нақшлар, эшиклардаги нозик қўл меҳнати, музейнинг ҳар бир бурчагида намоён бўлган ҳунармандчилик анъаналари жуда таъсирли экан.

Шу билан бирга, бу ерда турли тарихий даврлар ва цивилизациялар таъсири ўзаро уйғунлашиб, инсонни ислом оламининг бой маънавий муҳитига олиб киради. Бу шундай цивилизацияки, у инсониятга математика, астрономия, адабиёт ва шеърият соҳаларида беқиёс билимлар тақдим этган, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик ғояларини тарғиб қилган. Экспозициялар орқали шаҳарлар қандай шакллангани ва тараққий этганини ҳам яққол кўриш мумкин.

Менга, айниқса, Ренессанс ғояси катта таассурот қолдирди. Бу ерда Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Учинчи Ренессанс ўртасидаги тарихий ва маънавий боғлиқлик жуда таъсирчан тарзда намоён этилган. Бугунги Учинчи Ренессанс ғояси Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва етакчилиги остида амалга оширилаётган муҳим жараёндир. Энг муҳими, у аввалги икки буюк Ренессанснинг мустаҳкам илмий ва маданий пойдеворига таянаётганини кўриш мумкин.

Бугунги мураккаб ва турли синовларга бой дунёда бундай ташаббусларни кўриш инсонга умид бағишлайди. Менимча, барчамиз учун энг муҳим нарса — келажакка ишонч билан қараш, илҳом олиш мумкин бўлган уфқни кўра билишдир. Бу Марказ айнан шу ғояни намоён этади: ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқ ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солиб, янги уйғониш ва тараққиёт даврини барпо этиши мумкин

Дилма Русеф