Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Фикрлар

Салим бин Муҳаммад ал-Малик

Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори

Мен ушбу Марказни аввал ғоя сифатида, сўнг қурилиш жараёнида кўрган эдим. Бугун эса уни тўлиқ шаклланган ҳолда — тасаввуримдагидан-да юксакроқ даражада барпо этилганига гувоҳ бўлдим. Бу Марказ Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси, орзуси ва узоқни кўзлаган стратегик қарашлари самарасидир. Орзу рўёбга чиққанида, у нафақат ўша орзуни илгари сурган инсон, балки бутун халқ учун фахр манбаига айланади. Бугун бу Марказ билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом дунёси фахрланса арзийди.

Бу маскан ислом цивилизациясининг бой меросини ва мусулмон олимларининг инсоният тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини яққол намоён этади. Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Форобий ва бошқа буюк алломалар мероси орқали бу ерда ислом цивилизацияси қандай билим, тафаккур ва кашфиётлар замирида шаклланганини кўриш мумкин. Мен учун Ислом цивилизацияси маркази фақат музей ёки меъморий санъат намунаси эмас — бу биз асраб-авайлашимиз ва унутмаслигимиз лозим бўлган цивилизация платформасидир.

ICESCO учун бундай муҳташам масканда ўз ваколатхонасига эга бўлиш катта шарафдир. Бу — меросни асраш, қўлёзмаларни сақлаш, билимни кенгайтириш ва ислом цивилизациясининг ҳақиқий қиёфасини дунёга намоён этишга қаратилган стратегик ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. Шу мақсадда мен ICESCO ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида қўшма қўмита ташкил этишни таклиф қиламан. У янги ғоя ва амалий лойиҳаларни шакллантириш, шунингдек, ICESCO’га аъзо давлатларни ушбу ташаббусларга жалб этишга хизмат қилади.

Бу Марказ — цивилизация нури, билимни тарғиб этувчи, тинчлик ва ҳамкорлик ғояларини улуғловчи маскандир. Аллоҳ Ўзбекистон Президентини, Ўзбекистонни ва ушбу Ислом цивилизацияси марказини баракотли қилсин

Салим бин Муҳаммад ал-Малик