
Фикрлар
Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд
“Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми
Мен ушбу ташриф ва Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилиш имкониятидан жуда мамнунман. Бу ерда кўрганларим, гувоҳи бўлганларим, шунингдек, ушбу масканнинг бой мероси ва қадимий тарихи ҳақида эшитганларим қалбимда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, Ислом тарихи ва цивилизациясига бўлган юксак эҳтиром мени қувонтирди. Марказда ташкил этилган, Ислом цивилизациясига бағишланган заллар Исломнинг буюк меросини улуғлашга хизмат қилаётгани ҳар бир мусулмон учун қувончли ҳолдир. Бу, албатта, барчамизнинг эзгу орзумиздир.
Биламанки, бу улкан ишлар Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг ташаббуси, доимий эътибори ва назорати остида амалга оширилмоқда. Марказда жамланган ноёб экспонатлар, бутун Ислом тарихини ўзида мужассам этган бебаҳо мерос ва бу ердаги маҳобатли муҳит бунинг яққол исботидир.
Аввало, мени ушбу ташрифга таклиф этганлари, яратилган имкониятлар, шунингдек, кўрсатилган юксак эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорчилик билдираман. Ташкилотчилар меҳмонлар учун барча шароитларни яратишга астойдил ҳаракат қилгани яққол сезилиб турибди.
Саудия Арабистони халқи ва Икки муқаддас Ҳарам уламолари номидан Муҳтарам Президентга, қардош Ўзбекистон халқига ва қардош Ўзбекистон давлатига самимий салом ва эзгу тилакларимни йўллайман.
Бу ташриф Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ва чуқур дўстона муносабатларни яна бир бор тасдиқлайди. Бу алоқалар Ислом дини, Ислом тарихи ва икки халқ ҳамда икки давлат раҳбариятини боғлаб турган мустаҳкам ришталарга таянади.
Маълумки, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан биридир. Аллоҳдан Ўзбекистоннинг мустақиллиги абадий бўлишини, ушбу юксак цивилизация пойдевори янада мустаҳкамланишини, мамлакатга тинчлик, тараққиёт ва равнақ ато этишини сўрайман.
Бу ерда кўрганларимнинг барчаси юксак тараққиёт сари ташланган дадил қадамлар, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар ва муносиб хизматларнинг ёрқин намунасидир.
Шунинг учун ҳам кўрганларим, эшитганларим ва гувоҳи бўлганларимдан чуқур таъсирланганимни яна бир бор таъкидламоқчиман. Менга кўрсатилган юксак эҳтиром, самимий қабул ва алоҳида эътибор учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман.
