Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Фикрлар

Аҳмад Иброҳим Ҳасанот

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош муфтийси

Биз бу юртда илм-фан ва диний-маърифий соҳада юксак тараққиётга гувоҳ бўлдик. Бу бежиз эмас, чунки мазкур замин араб ва ислом цивилизацияси, шунингдек, ислом тарихи тараққиётига улкан ҳисса қўшган юртдир.

Бу Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Тафтазоний каби буюк алломалар ватани. Улар ислом уммати тарихида диний-маънавий ва илмий соҳаларда беқиёс хизмат қилганлар. Шунингдек, бу заминда тиббиёт, математика, алгебра, фалсафа ва бошқа аниқ фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган Ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий ва бошқа кўплаб буюк олимлар етишиб чиққан.

Бугун биз Иорданияда Ўзбекистонни ўзимизга қардош ва яқин мамлакат деб биламиз. Бу форум доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан келган мусулмон уламолари билан учрашиш биз учун катта мамнуниятдир. Сафаримиз давомида, иншааллоҳ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Иордания Диний фатво бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаймиз. Ушбу ҳамкорлик фатво соҳасида, шунингдек, экстремизм, ғулув, мутаассиблик ва ислом моҳиятига зид ҳар қандай оғишлардан холи бўлган мўътадил исломни тарғиб қилиш йўналишларида амалга оширилади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази бунинг ёрқин намунасидир. У ерда Ўзбекистон ҳудудидаги цивилизация тарихи — тош давридан бошлаб, исломдан аввалги ва ислом даври, Хоразмшоҳлар, Салжуқийлар ва бошқа давлатлар тарихи ҳам кенг ёритилган.

Бугун биз бу ерда исломга, илмга ва маърифатга бўлган кучли интилишни кўряпмиз. Бу нафақат Ўзбекистон жамияти, балки Марказий ва Шарқий Осиёдаги бошқа мусулмон халқлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, икки қардош халқ ва икки дўст давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам, самарали ва изчил ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасида сиёсий, маданий ва диний соҳаларда мунтазам ўзаро ташрифлар амалга оширилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Аллоҳ таоло сизларни баракали қилсин, хизматларингизни қабул этсин, сизларга ва ота-онангизга мағфират ато этсин. Аллоҳ юртингизни, халқингизни, тинчлигингизни, фарзандларингизни ва оилаларингизни Ўз паноҳида асрасин.

Аҳмад Иброҳим Ҳасанот