Фикрлар

Жавдат Йилмаз

Жавдат Йилмаз

Туркия Республикаси вице-президенти

Бироз аввал янги бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази билан танишиш имконига эга бўлдик. Айтишим керакки, бу ниҳоятда муҳташам маскан экан. Ҳақиқатан ҳам, барчамиз жуда катта таассурот олдик.

Бу ерда уч Ренессанс даври — Биринчи Ренессанс, яъни илк маърифий юксалиш, Иккинчи Ренессанс ҳамда бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёти ниҳоятда гўзал ва таъсирчан тарзда намойиш этилган.

Марказ ўтмиш, бугун ва келажакни ўзаро боғловчи бетакрор масканга айланган. У, бир томондан, ёш авлодга тарихий мерос ва қадриятларни етказса, иккинчи томондан, келажак авлодлар олдига юксак мақсадларни қўйишга ундайдиган мазмунга эга.

Аввало, ҳурматли давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига ҳамда ушбу улуғвор масканнинг бунёд этилишига ҳисса қўшган барча инсонларга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон, айниқса, улкан ўзгариш ва янгиланиш жараёнини бошдан кечирди. Албатта, бу ўзгаришлар ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ. Уларнинг ортида кучли сиёсий ирода ва самарали бошқарув турибди. Бу — ҳурматли давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдир.

У киши дадил ва жасорат билан ислоҳотларни амалга ошириб, Ўзбекистонни иқтисодий тараққиёт ва халқаро майдондаги мавқеи жиҳатидан анча юқори босқичга олиб чиқди. Бу жараён изчил давом этади. Ишончим комилки, келгуси йилларда Ўзбекистонни иқтисодиётда ҳам, илм-фанда ҳам, бошқа кўплаб соҳаларда ҳам жуда юксак марраларда кўрамиз.

Туркияда ҳам худди шундай улкан ўзгаришларни Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдоған амалга оширди. Очиғини айтганда, икки давлат раҳбари бир-бирига жуда ўхшайди. Ҳар иккиси ҳам кучли, қатъиятли, ўз мамлакати иқтисодиётини ривожлантираётган ва халқ фаровонлигини ошираётган етакчилардир. Улар ислоҳотлардан чўчимайдиган, янгиланиш ва ўзгаришларга очиқ раҳбарлардир.

Икки давлат раҳбари ўртасидаги ниҳоятда мустаҳкам мулоқот ва яқин ҳамкорлик барча ишларимизга катта куч бағишламоқда. Шу боис бундай етакчиларга эга эканимизни катта бахт деб биламан.

Бу — бизнинг муштарак тарихимиз, муштарак маданиятимиздир. Шу ерда эканимдан ниҳоятда бахтиёрман. Ўзбекистон халқига бутун Туркиядан самимий саломлар олиб келдик. Барчага энг эзгу тилакларимни билдираман