
Малик Отарбаев
Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси
Албатта, Президентимиз Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам ушбу марказга келиб, унинг фаолияти билан танишган. Биз ҳам бу марказдан жуда катта таассурот олдик. Бу ерда нафақат Ўзбекистон тарихи, маданияти, адабиёти ва санъати, балки бутун инсониятга намуна бўладиган туркий дунё тарихи ва маданияти, унинг яхлит тарихий харитаси кенг намоён этилган. Айниқса, Шарқ оламининг дурдонаси бўлган, учинчи халифа Усмон ибн Аффон ўқиган Қуръони каримнинг айнан шу марказда сақланаётгани унинг нуфузи ва мақомини янада юксалтиради.
Биз марказдаги ҳар бир экспозиция катта меҳр ва масъулият билан тайёрланганига гувоҳ бўлдик. Ҳар бир экспозиция ўз тилида сўзлаяпти, бу ердаги ҳар бир детал бежиз ва тасодифан яратилмагани яққол сезилиб турибди. Марказнинг барпо этилишида ҳам, ҳар бир экспозициянинг жойлашувида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита қўллаб-қувватлаши, таъсири ва шахсий ёндашуви бор. Шу маънода, ушбу марказни Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қўлёзмаси, унинг қалбида асраб келган маънавий бойлигининг ифодаси, деб баҳолаймиз. Менимча, нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари, балки бутун дунё ҳамжамияти ушбу марказ билан танишиши керак. Ўзбек халқининг бундай улкан ютуққа эришганидан биз доимо фахрланамиз. Қозоқ-ўзбек қардошлиги ва дўстлиги абадий бўлсин, янада мустаҳкамланаверсин.

